Дунёнинг "энг қашшоқ" президенти Хосе Мухика вафот этди

Фото: Фото: Serena Campanini / Zuma Press / Global Look Press

Дунёнинг энг қашшоқ президенти сифатида танилган Уругвай собиқ раҳбари Хосе Мухика 89 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда амалдаги давлат раҳбари Яманду Орси маълум қилди.

“Чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, ҳамкасбимиз Хосе Мухика вафот этди. Президент, активист, етакчи... Бизга берган ҳамма нарсангиз ва халқингизга бўлган чуқур муҳаббатингиз учун ташаккур”, - деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Уругвай ҳукумати мамлакатда 16 майгача мотам эълон қилди. Мамлакат ички ишлар вазири Карлос Негро дафн маросимида хорижий делегациялар иштирок этишига умид билдирди.

Хосе Мухика 1935 йил 20 майда туғилган. Ёшлигида Тупамарос сўл радикал партизан ҳаракати аъзоси бўлган ва бунинг учун 14 йил ҳарбий қамоқхоналарда ўтирган. У 2010—2015 йилларда Уругвай президенти лавозимида ишлаган, сўнгра мамлакат парламентига сайланган. 2018 йил август ойида у ваколатлари 2020 йилда тугашига қарамай, истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини ёзган. Собиқ президент бунинг сабабини “узоқ йўлдан чарчагани” билан изоҳлаган.