Дунёдаги энг қария марафончи Ҳиндистонда ЙТҲда ҳалок бўлди – у 114 ёшда эди
1911 йилда Ҳиндистоннинг қишлоқ ҳудудида туғилган Фаужа Сингх “Салла таққан торнадо” лақабни 89 ёшида марафон югура бошлаганда олган. У ўша пайтда хотини ва ўғлини йўқотгандан кейин Англияга кўчиб ўтган эди, деб ёзади DW.
«Югуриш менга меҳр берди ва ҳаётга қайтарди, барча азоб-уқубатларим ва ғам-ташвишларимни унуттирди», – деган эди у CNN телеканалига берган интервьюсида.
Болалигида – беш ёшигача оёқ муаммолари туфайли юра олмаган Сингх 42 километрли марафонда тўққиз марта қатнашган. У шахсий рекордини 2003 йилда Торонто марафонида қайд этган – масофани 5 соат 40 дақиқада босиб ўтган. Сингхнинг сўнгги мусобақаси 2013 йилда Гонконгдаги 10 километрлик пойгада бўлиб ўтган. Бу воқеа у 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида машъала кўтарганидан бир йил кейин содир бўлган.
Фаужа Сингх расмий равишда Гиннеснинг рекордлар китобига кирмаган, чунки унинг туғилгани ҳақида ҳужжати бўлмаган. Шунга қарамай, у дунёдаги энг қария марафончи сифатида тан олинган. 100 ёшида у Буюк Британия қироличаси Елизавета II дан табрик хатини олган.
Ҳиндистон полициясининг маълумотига кўра, Пенжаб штатидаги ўзи туғилган қишлоғи – Биас яқинида Фаужа Сингх пиёда кетаётган пайтда уни номаълум машина уриб кетган. Марафончи бош ва қабурға жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.