Бир қатор Европа мамлакатларида, шу жумладан Франция, Испания ва Германияда коронавирус юқтиришнинг янги ҳолатлари кўпайди. Мутахассислар таътил мавсуми эпидемиянинг иккинчи тўлқинига олиб келиши мумкинлигидан қўрқишади.
Францияда бир кунда 1695 та янги ҳолат аниқланди. Бу охирги икки ой ичидаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакатда 228,5 минг киши касалланган. Франция Европада ўлим даражаси бўйича Британия ва Италиядан кейин учинчи ўринда туради.
Июнь ойида карантин чоралари енгиллаштирилган Испанияда 24 соат ичида 1777 кишида Covid-19 синови ижобий натижани кўрсатган. Республика бўйича жами 305,7 мингта юқтириш ҳолатлари аниқланди.
Швейцария Испаниядан келганлар учун мажбурий икки ҳафталик изоляция режимини жорий этди.
Германияда Санитария-эпидемиология назорати хизмати Бельгиянинг энг йирик Антверпен шаҳрини хавфли ҳудуд деб эълон қилди. Германияда бир кунда 1045 киши коронавирусни юқтирган.