Дубайда ҳамшираларга «олтин визалар» берилади

Фото: Фото: Рixabay

ASTANA. Kazinform – Дубай (БАА)да 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ҳамшираларга «олтин визалар» берилади, деб хабар беради Azertag.

Бу қарор уларнинг жамиятга қўшган беқиёс ва тиббий хизматлар сифатига қўшган муҳим ҳиссасини эътироф этиш мақсадида қабул қилинди.

Дубай Валиаҳд шаҳзодаси, БАА бош вазир ўринбосари, мудофаа вазири Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум ҳамширалар соғлиқни сақлаш тизимида биринчи ўринда туришини, улар соғлом жамиятни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Шайх Ҳамдан ҳамшираларнинг беморларга доимий ғамхўрлиги ва бошқалар фаровонлигига садоқатини юксак баҳолаганини Dubai Media Office маълум қилган.

Ушбу фармон ҳар йили 12 май куни нишонланадиган Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан қабул қилинди.

БААнинг «олтин визалари» — мамлакат ривожига алоҳида ҳисса қўшган, ноёб кўникмаларга эга ёки иқтисодий ўсиш учун муҳим соҳаларда фаолият юритаётган шахсларга бериладиган 10 йиллик яшаш рухсатномасидир.

«Олтин виза» эгалари БАА банкларида ҳисоб рақами очиши, солиқ резиденти мақомини олиши, шунингдек, амирликларда бизнес юритиши ва тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин.