Disney компанияси 7000 нафар ходимини ишдан бўшатади
Ишдан бўшатишлар 5,5 млрд доллар тежаш ва Disney+ стриминг хизматидан тушадиган даромадни ошириш режасининг бир қисмидир. Эслатиб ўтамиз, ушбу хизмат 2019 йилда ишга туширилган бўлиб, шундан бери абонентлар сони биринчи марта камайди.
Disney раҳбарининг таъкидлашича, «бу қарорга келиш (иш ўринларини қисқартириш ҳақида) осон бўлмаган».
Боб Айгер ишдан бўшатиш ҳақида шундай деди: «Мен бутун дунё бўйлаб ходимларимиз истеъдоди ва фидойилигини ҳурмат қиламан ва бу ўзгаришларнинг таъсирини тушунаман».
Шундай қилиб, бутун дунё бўйлаб Disney ходимларининг 3,6 фоизи ишсиз қолади.
Шу билан бирга, Disneyнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойлари орасида сотувлар 8 фоизга, яъни 23,5 млрд АҚШ долларига ошган.
Аммо Disney + обуначилар сони 2,4 миллионга камайганини таъкидлаб, 1,5 млрд доллар зарар кўрганини маълум қилди.
Қайта қуриш режасига кўра, компания учта сегментда иш юритади: ўйин-кулги - кинофильмлар, телевидение ва стриминг тармоқларини ўз ичига олади; ESPN спорт телеканали, шунингдек, парклар, кўнгилочар ва Disney компанияси маҳсулотлари.
Эълондан сўнг Disney акциялари кенгайтирилган савдоларда 5 фоизга ошди.
Фото: PATRICK T. FALLON/AFP via Getty Images