Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми бўлиб ўтади
Жорий йил 25 май куни Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари форуми ўтказилади. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси ва шу мамлакатнинг “MD House” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилади, деб ёзади ЎзА.
Форумда икки давлатнинг етакчи университетлари ва институтлари делегациялари иштирок этади. Таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, қатор ўзаро англашув меморандумларини имзолаш кутилмоқда.
Сўнгги йилларда ҳиндистонлик ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда. Таълим тизимидаги изчил ислоҳотлар, ўқув дастурларининг халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳамда хорижлик талабалар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, инглиз тилидаги таълим, муносиб яшаш шароитлари ва хавфсизлик бунинг асосий омилларидир.
Анжуман давомида талабаларнинг хорижда ўқишини ташкиллаштиришга ихтисослашган ҳинд компаниялари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Олий таълим Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг муҳим йўналишига айланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз олий ўқув юртларида қарийб 10 минг нафар ҳиндистонлик талабалар таҳсил олиб, ушбу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда.
Деҳлидаги форум икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва академик мобиллик имкониятларини кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.