Давлат раҳбарига Конституциявий комиссия ишининг натижалари ҳақида ахборот берилди
АSTANА. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Конституциявий комиссия раиси - Конституциявий суд раиси Элвира Азимова, Конституциявий комиссия раисининг ўринбосари - Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин ва Конституциявий комиссия аъзоси - Президентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Ержан Жиенбаевни қабул қилди.
Бу ҳақда Ақорданинг матбуот хизмати хабар берди.
Эльвира Азимова Комиссиянинг аввалги йиғилишларида муҳокама қилинган масалалар натижасида Конституциянинг тубдан янги матни ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Комиссия аъзолари янги преамбула, бир қатор моддалар ва бўлимларнинг мазмуни бутун конституциявий моделни сезиларли даражада янгилашга, сиёсий ва ижтимоий институтларни такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга асос бўлишини таъкидладилар.
Шу муносабат билан Комиссия аъзолари мазкур лойиҳани Конституциянинг янги варианти сифатида кўриб чиқиш ва уни халқ эътиборига тақдим этиш учун эълон қилиш зарурлигини билдирдилар.
Ўз навбатида Конституциявий комиссия янги Асосий Қонун лойиҳаси бўйича ишларни давом эттиради.
Президентнинг фикрича, Конституциявий комиссия кенг кўламли ишларни амалга оширган. Давлат раҳбари Конституциянинг янги вариантини халқ муҳокамасига чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Президент янги Конституция ҳақида якуний қарорни қозоғистонликлар республика референдумида қабул қилишини яна бир бор таъкидлади.