Давлат раҳбари Туркманистон Президентини «Алтын қыран» ордени билан тақдирлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Тантанали маросимда Қасим-Жомарт Тоқаев Сердар Бердимуҳамедовни янги авлодга мансуб нуфузли сиёсий арбоб, Туркманистоннинг давлатчилиги, ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва халқаро майдондаги ўрнини изчил мустаҳкамлаб келаётган илғор, кучли раҳбар сифатидаги ролини алоҳида таъкидлади.

«Сиз туркман халқининг Миллий етакчиси, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовнинг келажакка қаратилган стратегик йўналишини ишонч билан давом эттирмоқдасиз. Сизнинг доно раҳбарлигингизда Туркманистон иқтисодиёти беқиёс суръатларда ривожланмоқда. Мамлакатингизда саноат ва транспорт инфратузилмаси фаол жонлантирилмоқда. Энергетика салоҳиятини мустаҳкамлаш, технологик трансформациялар бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ташаббусларингиз туфайли қардош Туркманистонда кенг кўламли ижтимоий лойиҳалар тизимли амалга оширилди, фан ва таълим соҳаси жадал ривожланди, аҳоли фаровонлиги юксалди. Бу ютуқларнинг барчаси самимий ҳурмат ва юксак таҳсинга лойиқ”, – деди Президент.

Давлат раҳбари Ашхабоднинг дипломатия, тинчлик ва барқарорлик маскани сифатидаги халқаро нуфузи ҳамда мавқеини ошириш йўлида Туркманистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, Туркманистоннинг 2025 йилни Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилиш ташаббусининг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланиши мамлакатнинг масъулиятли ва фаол позициясини кўрсатади.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Туркманистон Президентининг қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

«Ишонаманки, Қозоғистон-Туркманистон муносабатларининг келажаги порлоқ. Бугунги музокаралар натижалари бунинг ёрқин далилидир. Эришилган келишувларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп қиррали шериклигимизга янги суръат бағишлаши, Қозоғистон-Туркманистон ҳамкорлиги йилномасида янги даврга йўл очиши шубҳасиз”, – деди Давлат раҳбари.

Сердар Бердимуҳамедов Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти – «Алтын Қыран» (“Олтин бургут”) ордени билан тақдирлангани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга ва Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.

Фото: Акорда

«Ушбу мукофотни Туркманистон халқига, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларига ҳурмат белгиси сифатида қабул қиламан. Икки давлат ўртасида халқаро майдонда яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлигимиз минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамли ва қўллаб-қувватлашнинг юксак даражасини намойиш этади”, - деди Туркманистон Президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Туркманистон Президенти билан музокаралар ўтказгани хабар қилинганди.