Давлат раҳбари Қозоғистоннинг Фаластин давлатчилигини қўллаб-қувватлаш позициясини тасдиқлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев Фаластин давлатининг Олий судьяси, Президентнинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Маҳмуд ал-Ҳаббашни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбари меҳмонга эҳтиром кўрсатиб, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери Қозоғистон ва Фаластин ўртасидаги ҳамкорлик дўстлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат руҳида ривожланиб бораётганига эътибор қаратди.

Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Фаластинни халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тан олишга қаратилган ташаббусларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев ўз мамлакати Яқин Шарқдаги вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ "Икки халқ учун икки давлат" формуласи асосида Фаластин давлатини яратиш позициясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Маҳмуд ал-Ҳаббаш Давлат раҳбарига Фаластин Президенти Маҳмуд Аббоснинг мактубини топширди.

Шунингдек, у мамлакатнинг Фаластин халқини ва унинг тинч ва ёрқин келажакка интилишларини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Унинг фикрича, Қозоғистон Фаластин учун қардош давлатдир. Бу икки томонлама муносабатларда, шунингдек, кўп томонлама форматларда, биринчи навбатда БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида акс этади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Маҳмуд Аббосга салом йўллади ва уни яқин келажакда Қозоғистонга расмий ташриф буюришга таклиф қилди.