Давлат раҳбари Қозоғистон халқини муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан табриклади
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқини муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан табриклади.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқини муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан табриклайд
Азиз ватандошлар!
Сизларни бутун мусулмон аҳли учун муқаддас Рамазон ойи бошланиши билан чин дилдан табриклайман!
Бу бутун дунё бўйлаб миллиардлаб қалбларни маънавий покланишга, меҳр-шафқатга ва яқинларига ғамхўрлик қилишга чақирадиган вақтдир.
Рўза сабр-тоқат ва чидамлиликни талаб қилади, халқимизда камтарлик, масъулият ва ҳалоллик каби олижаноб фазилатларни сингдиради.
Ҳозирда дунёда юзага келаётган мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, рўза тутишнинг маънавий қадриятларини тоза виждон билан қабул қилиш, унинг асл маъносини тўғри тушуниш буюк иймон белгисидир.
Бугунги кунда Қозоғистон кенг кўламли ўзгаришлар ва туб янгиланишлар тарихий даврига кирди. Янги халқ Конституцияси лойиҳаси республика референдумига тақдим этилди. Бу тараққиёт ва адолат йўлига қадам қўйган давлатимизнинг ривожланиш йўналишини белгилайдиган Асосий Қонун бўлади.
Асосий ҳужжат минг йиллик тарихга эга давлатчилигимизни янада мустаҳкамлаш, мамлакатдаги сиёсий, фуқаролик ва иқтисодий институтларнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш учун йўл очиб беради.
Анъанавий маънавий ва маданий қадриятларимизни қадрлаб, биз Ҳуқуқ ва Қонун устуворлиги, Интизом ва Тозалик, Адолат ва Ватанпарварлик каби мустаҳкам тамойилларни чуқур тушунадиган ва қатъий сақлайдиган миллатнинг янги ўзига хослигини шакллантирмоқдамиз. Буларнинг барчаси муқаддас Рамазон ойининг абадий шон-шарафига тўлиқ мос келади.
Билим, поклик ва эзгуликка олиб борадиган маданиятли жамиятда Рамазон ойи, шубҳасиз, янги маънавий маънога эга бўлади ва барча одамларга барака келтиради.
Муқаддас Рамазон ойи муборак бўлсин, мусулмон аҳли!