Чимкентда қариялар уйи очилди

Фото:
SHYMKENT. Kazinform - Чимкентда кексалар уйи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда шаҳар Бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Балмаржан Нарбекова ўзининг Facebook саҳифасида ёзди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Чимкент шаҳар Бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармасига қарашли қариялар уйи иш бошлади. Янги очилган 10-махсус ижтимоий хизмат кўрсатиш марказидан 30 нафарга яқин кексалар бошпана топди. Улардан беш нафари ногиронлиги бўлган, алоҳида парваришга муҳтож фуқаролардир.

50 кишига мўлжалланган тўлиқ стационар муассасада кексаларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган маиший, тиббий, психологик, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий ва меҳнат терапияси ижтимоий хизматлари кўрсатилмоқда.

«Биз учун бу энг масъулиятли марказлардан бири бўлади. Қарияларимизга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик билан хизмат қилиш бизнинг бурчимиздир. Ижтимоий соҳа фаолиятини чин юракдан қабул қилиш керак. Кексаларимиз аҳволи ҳамиша эътиборда», - деб ёзади бошқарма раҳбари.

Муаллиф: Қайрат Зайнишев