C5+1 мамлакатлари маданий мерос соҳасида ниятларини маълум қилишди
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ҳукуматлари ўртасида маданий мерос соҳасидаги ният декларацияси имзоланди.
C5+1 дипломатик платформаси ташкил этилганининг ўн йиллиги муносабати билан Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ҳукуматлари (биргаликда “C5+1 мамлакатлари”),
C5+1 мамлакатлари ҳар бирининг ноёб маданий меросини ва уларнинг инсоният тараққиётига қўшган алоҳида ҳиссасини эътироф этиб;
C5+1 мамлакатлари ноёб маданий меросини ҳимоя қилиш ва сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаб ва
C5+1 мамлакатлари ўртасида маданий мерос соҳасидаги алоқаларнинг чуқурлашганини, жумладан, маданий алмашинувлар, маданий меросни сақлаш соҳасида тажриба алмашинуви ва Миллий музейлар кенгаши орқали ҳамкорликни қайд этиб,
Қуйидагича келишиб олинди:
C5+1 мамлакатлари C5+1 мамлакатлари маданий меросини сақлаб қолиш, маданий бойликларнинг ноқонуний савдосининг олдини олиш ва C5+1 мамлакатлари ўртасида маданий ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ниятида:
- Маданий меросни сақлаш ва маданий бойликларни ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш, божхона ва чегара хавфсизлиги соҳаларида ахборот алмашинувини кучайтириш;
- Маданий бойликларнинг ноқонуний савдосининг олдини олиш ва санъат бозорининг яхлитлигини таъминлаш учун ўзаро мустаҳкамловчи минтақавий тармоқларни яратиш;
- Туризм соҳаси ва ижодий саноатга фойда келтирадиган инглиз тилидаги таълимни ривожлантиришни ўз ичига олган маданий меросни умумий иқтисодий мақсадларга интеграция қилиш имкониятларини ўрганиш;
- Институционал ҳамкорликни кенгайтириш ва консервация, кураторлик фаолияти, рўйхатга олиш, рақамлаштириш, келиб чиқишни ўрганиш, кўргазмаларни ташкил этиш, маданий мерос объектларини бошқариш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган қадимий ёдгорликларни ҳимоя қилиш каби ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни ўрнатиш учун мутахассислар алмашиш;
- Миллий музейлар кенгаши фаолиятида барча олтита мамлакатнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва фаол иштирокини таъминлаш;
- Музейшунослик соҳасида ҳамкорлик ва алмашинувни ривожлантириш, шу жумладан C5+1 мамлакатларининг етакчи музейлари ва маданий муассасаларида кўргазмалар ва экспозициялар учун маданий бойликларни тақдим этиш;
- C5+1 мамлакатларининг маданий меросини тарғиб қилиш, ҳимоя қилиш ва сақлаш бўйича халқаро форумларда позицияларни билдириш;
- Миллий ҳунармандчилик ва декоратив-амалий санъат усталарини қўллаб-қувватлашни, шунингдек, анъанавий маданият, мусиқа ва рақсни сақлашни таъминлаш;
- Маданий қадриятларни ҳимоя қилиш ва маданий меросни сақлаб қолиш мақсадида таълим, фан ва инновация соҳаларида, жумладан, академик ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, C5+1 мамлакатларининг университетлари ва тадқиқот марказлари ўртасидаги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш;
- Ҳар бир мамлакатнинг бой маданий меросини нишонлайдиган фестиваллар ва маданий тадбирларни ташкил этишда ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш.
Фото: ҚР ТИВ