Ҳозирги АЭСларда технологик авария хавфи нолга тенг — Тимур Жолдибаев

Фото: Фото: inp.kz

ALMATY. Кazinform — Ядро физикаси институти ядро физикаси кафедраси мудири Тимур Жолдибаев Қозоғистонда АЭС қуришнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида ўз фикрини билдирди.

Тимур Жолдибаевнинг айтишича, йил охиригача мамлакатда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши режалаштирилган.

— Қозоғистонда энергетик атом электр станциясини қуриш лойиҳаси биринчи марта амалга оширилаётгани йўқ. Биринчи уринишлар 90-йилларда қилинган, аммо жамоатчилик қаршилигига дуч келган. Сабаблари аниқ. Қозоғистон кўп йиллардан буён ядро қуроли синови учун майдон сифатида фойдаланилди, бу улкан ҳудуд экологиясига катта таъсир кўрсатди, - деб ёзади Тимур Жолдибаев.

Мутахассиснинг фикрича, ҳозир вазият бутунлай бошқача. Бугунги кунда қурилган АЭСларда технологик авария хавфи нолга тенг.

— Полигон ёпилган. Унинг ҳудуди ўрганилиб, радиациявий хавфлилик даражасига кўра зоналарга бўлинган. Натижада полигон ерларининг салмоқли қисми халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тайёрланмоқда. Замонавий атом электр станцияларининг хавфсизлик даражаси сезиларли даражада ошди ва технологик авариялар хавфи нолга тенг. Шу билан бирга, атом энергиясини ишлаб чиқариш экологик нуқтаи назардан энг тоза усул бўлиб қолмоқда. Ҳозирда шу тарзда ишлаб чиқарилган электр энергиясига Европа Иттифоқи, Хитой ва Россияда яшил мақом берилган, - дейди у.

Олим, шунингдек, Қозоғистон ядровий реакторлардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эга эканлигини таъкидлади.

— Қозоғистон ядровий реакторлардан фойдаланиш тажрибасига эга давлат. Кўп йиллар давомида БН-350 тузсизлантириш реактори Ақтау шаҳрида ишлаган, унинг ёпилиши сиёсий қарор эди. Ядро физикаси институти ва Миллий ядро марказида учта тадқиқот реактори муваффақиятли ишламоқда. Бу Қозоғистонга атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида барча зарур ваколатларга эга давлатга айланиш имконини беради. “Қазатомсаноат” миллий компаниясининг атом электр станциялари учун уран ва ядро ёқилғиси ишлаб чиқарувчи корхоналарини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бизда зарур кадрларни тайёрлайдиган ишлаб чиқариш майдончалари мавжуд. Мен атом электр станциясини қуришнинг салбий жиҳатларидан кўра ижобий томонларини кўраяпман, — дея хулоса қилди Тимур Жолдибаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон тинч ядровий реактордан қандай фойдаланаётгани ҳақида ёзган эдик.