Бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилади

Фото: Фото: gazeta.uz

ASTANA. Kazinform – Жорий йилда Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Астанада ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу билан кенгайтирилган музокаралар якунлари бўйича ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Иқтисодий ва савдо алоқалари муносабатларимизнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Қозоғистон бизнинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригимиз. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш икки баравар ошди. Тез орада бу кўрсаткични 2-3 баробар ошириш йўлларини муҳокама қилдик. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган эди. Бу, ўз навбатида, қўшимча қиймат занжири яратиш орқали янги бозорларни биргаликда очиш ва уларга рақобатбардош маҳсулотлар экспорт қилиш имконини беради”, – деди у.

Икки давлатнинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш галдаги долзарб вазифалардан бири экани таъкидланди. Шунингдек, чегара ҳудудларида жойлашган назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш, уларнинг сиғимини кенгайтириш, божхона ва бошқа хизматларни рақамлаштириш масалалари ҳам бор.

“Барчангизга маълумки, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда. Шу боис биз Марказий Осиёда трансчегаравий дарё сувларини оқилона бошқаришда замонавий технологияларни жорий этиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий ва таркибий асосларини мустаҳкамлашга эътибор қаратдик”, – деди Ўзбекистон вазири.

Шу билан бирга, маданий-гуманитар алоқалар Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг асоси сифатида қаралаётгани, ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти кунлари тантанали равишда нишонланганини айтди.

“2024 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил қиламиз”, – деди Бахтиёр Саидов.