Бу йил Қозоғистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ошди

Фото: Фото: Ҳукумат

ASTANА. Кazinform – 2025 йилнинг биринчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсиб, 1,8 триллион тенгега етди. Бу кўрсаткич режадагидан 5,3 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Иқтисодий ўсишни таъминлаш штабининг йиғилишида маълум қилинди.

ҚР Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин раислигида ўтказилган йиғилишда соҳадаги ўсиш суръатларини жадаллаштириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Ҳозирги вақтда озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш ишлаб чиқариш саноатининг 17,2 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткич бўйича фақат металлургия ва машинасозлик саноати олдинда.

Вазирлик маълумотларига кўра, ўсиш қишлоқ хўжалиги хомашёсини (гўшт, сут, қанд лавлаги) қайта ишлашга субсидиялар, сариёғ ва пишлоқ хомашёсини харид қилиш, ҚҚС ставкасини 70 фоизга пасайтириш, имтиёзли кредитлар ҳисобидан таъминланди.

Ўтган йилга нисбатан қуйидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда юқори ўсиш кузатилди:

  • сарёғ- +10,4%,
  • колбаса маҳсулотлари - +10,8%,
  • ўсимлик ёғи - +20,3%,
  • балиқ маҳсулотлари - +34,4%.

Бундан ташқари, мавсумий омиллар таъсирида дон етиштириш камайган. Айрим ҳудудларда қандолат, консерва, пишлоқ ва творог ишлаб чиқаришнинг қисқариши хомашё етказиб беришдаги узилишлар ва бозор чекловлари билан боғлиқ.

Ичимлик ишлаб чиқаришнинг ярим йиллик кўрсаткичи 566,7 миллиард тенгени ташкил этди. Ҳақиқий ҳажм индекси 5 фоизга, режадан 3,7 фоиз пунктга ошди. Алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш 9,8 фоизга ошганига қарамай, умумий ҳажмда пасайиш кузатилди.

— Ҳар бир соҳа вазири ўз корхоналарининг иқтисодини чуқур ўрганиши керак. Ўсишга тўсқинлик қиладиган омилларни дарҳол йўқ қилиш лозим. Савдо вазирлиги ҳудудлардаги савдо бозорини таҳлил қилиб, керак бўлганда таъминот тизимини қайта тақсимлаши керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги йирик корхоналарнинг ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда йўл харитасини тўлдириши даркор. “Байтерек” ва “Аграр кредит корпорацияси” сармоя жалб этиш борасидаги ишларни фаоллаштириши зарур, – деди Серик Жуманғарин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон иқтисодиёти 6 ойда 6,2 фоизга ўсгани ҳақида хабар берган эдик.