Брюссель йўналиши: Бельгия Қозоғистон учун Европа билан стратегик мулоқот олиб борадиган муҳим майдон ҳисобланади

ASTANA. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Бельгия қироллигига расмий ташриф билан боради. Бу ташриф Астана ва Брюссель ўртасидаги сиёсий мулоқотгагина эмас, балки савдо, инвестиция ва технология соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам суръат бериши мумкин. Kazinform мухбири икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий йўналишларини таҳлил қилди.

Фото: Kazinform

Европа эшиги

Жорий йилда Қозоғистон ва Бельгия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 34 йил тўлди. Қозоғистон 1993 йилда Брюссель шаҳрида ўз элчихонасини очган эди. Бельгиянинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхонаси эса 2006 йилда иш бошлаган. Шу давр мобайнида икки давлат ўртасидаги алоқалар ва ўзаро ҳамкорлик узилмаган.

Брюссель — Европа Иттифоқининг сиёсий маркази бўлиб, ЕИнинг асосий институтлари ва халқаро ташкилотлари жамланган шаҳардир. Шу сабабли дўстона давлат Қозоғистон учун Европа билан стратегик мулоқот олиб борадиган муҳим майдон ҳисобланади. Ҳозирда ҳам Астана Брюсселни Европа Иттифоқидаги асосий сиёсий ва иқтисодий шерик сифатида кўради. Буни Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2021 йилда Брюсселга қилган илк расмий ташрифи чоғида айтгани ёдда.

Фото: Ақорда

Ҳозир ҳам томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва логистика тизими тубдан ўзгараётган бир пайтда биргаликда йўл тутишнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Европанинг стратегик ресурсларга бўлган талаби, янги транспорт йўлакларининг ривожланиши ва энергетик хавфсизлик масалалари икки давлат ҳамкорлигига янги суръат бермоқда.

Халқаро хавфсизлик соҳасидаги умумий позицияларни ҳам таъкидлаш керак. Қозоғистон ва Бельгия терроризмга қарши кураш, ядровий қуролларни тарқатмаслик ва қуролсизланиш масалаларида ўхшаш қарашларга эга. Масалан, Бельгиянинг Ипр шаҳрида Семей ядровий полигони қурбонларига бағишланган ёдгорлик ўрнатилгани - бу фикрни тасдиқлайди.

Иқтисодий шериклик

Бельгия Қозоғистон иқтисодиётидаги энг йирик хорижий инвесторлар орасидаги ўнталикка киради ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси тахминан 456 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили у 582 миллион долларгача ошган.

Жорий йилда ҳам ижобий динамика сақланиб қолмоқда. ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги маълумотига кўра, дастлабки тўрт ойда ўзаро товар айланмаси 179,5 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 фоизга ошган.

Бу ерда экспорт ўсиши алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йил январь–апрель ойларида Бельгияга йўналтирилган экспорт ҳажми 10,1 фоизга ошиб, 100,4 миллион долларга етган. Импорт эса 7,7 фоизга қисқариб, 79 миллион долларга тушган. Натижада савдо балансидаги ижобий сальдо тўрт баравар ошиб, 5,6 миллион доллардан 21,4 миллион долларга етган.

Инфографика: Kazinform

Аввал Бельгияга экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг асосий қисмини металл ва хомашё ташкил этар эди, бугунги кунда эса товар турлари диверсификацияланмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улуши ортиб, Бельгия Қозоғистон агроиндустриал маҳсулотлари учун муҳим Европа бозорларидан бирига айланди. Масалан, ҳозир зиғир экспорти жуда фаол ривожланиб боряпти. Бу маҳсулот Қозоғистондан Бельгияга етказиладиган товарларнинг тахминан учдан икки қисмини ташкил этади.

Импорт таркиби ҳам янгиланяпти. Анъанавий машина ва ускуналардан ташқари, юқори технологияли маҳсулотлар, фармацевтика ва саноат учун мўлжалланган товарларнинг улуши ортиб боряпти.

Инфографика: Kazinform

Шу билан бирга, Қозоғистон ва Бельгия ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий таянчи инвестиция ҳисобланади, дейиш мумкин. Мустақиллик йилларидан бери Бельгия Қозоғистон иқтисодиётига тахминан 15 миллиард доллар сармоя киритган. Шунинг натижасида мамлакатимизда бельгиялик капитал иштирокида ўнлаб корхоналар фаолият юритиб келяпти. Улар кимё саноати, логистика, инфратузилма, энергетика ва сув тозалаш каби стратегик соҳаларни қамраб олади.

Брюссель билан алоқа нима беради?

Кейинги иқтисодий башоратларга кўра, Қозоғистон–Бельгия ҳамкорлигининг чуқурлашуви Евроосиё маконида янги геоиқтисодий жараёнларга сабаб бўлиши мумкин. Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсат институти эксперти Лидия Пархомчикнинг айтишича, Брюссель билан муносабатларни мустаҳкамлаш Европа қарор қабул қилиш марказлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни англатади.

“Қозоғистон учун Брюссель билан ўзаро ҳамкорлик алоҳида қизиқиш уйғотади, чунки Бельгия геосиёсий жиҳатдан Европадаги қарор қабул қилиш марказларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда Европа Иттифоқининг асосий институтлари, тахминан 38 та ташкилот ва европа тузилмаларининг 30 мингдан ортиқ ходимлари жойлашган”, — дейди Лидия Пархомчик.

Фото: Лидия Пархомчикнинг шахсий архивидан

Таҳлилчилар фикрича, Президентнинг навбатдаги ташрифи чоғида янги транспорт йўналишларини шакллантириш ҳамда хомашё етказиб беришни диверсификация қилиш масалалари кўтарилиши мумкин.

“2022 йилдан кейин Қозоғистоннинг Европа давлатлари учун аҳамияти ортиб бормоқда. Европа янги транспорт йўналишлари ва стратегик ресурслар учун муқобил манбаларни фаол изламоқда. Бу борада Қозоғистон ўзига хос ўринга эга. Бир томондан, республика Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган Ўрта йўлакнинг асосий бўғинига айланиб бормоқда. Иккинчи томондан, мамлакатда Европа иқтисодиётининг рақамли ва яшил трансформацияси учун зарур бўлган муҳим минералларнинг катта захиралари мавжуд”, — дейди Мурад Шамилов.

Фото: facebook.com/shamilovmurad

Айтилган фикрлар реал ҳолатга яқин бўлиб, аниқ лойиҳалар билан ҳам тасдиқланмоқда. Масалан, йил бошида логистика соҳасидаги йирик ташкилот — “KTZ Express” юк ташишни ривожлантиришда муҳим қадам қўйди. Компания Ақтау, Алят ва Поти портлари орқали ўтиб, Ўрта ер денгизи йўли билан Европанинг йирик логистика марказларига уланган.

Лидия Пархомчик ушбу тажрибани Қозоғистон учун муҳим деб ҳисоблайди.

“Бельгия томонидан қизиқиш юқори эканини кўриб турибмиз. Сўнгги ўн йилда бу мамлакат Қозоғистон иқтисодиётига тахминан 14 миллиард доллар инвестиция киритган. Йиллик инвестиция ҳажми ўртача 1 миллиард доллар даражасида сақланиб келмоқда. Яъни Бельгия Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистонга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар даражасини кўрсатади”, — дейди спикер.

Мутахассиснинг умумий фикрига кўра, Астана ва Брюссель ўртасидаги келажак ҳамкорлик фақат савдо ҳажмини ошириш билан чекланиб қолмайди. Логистика, стратегик минераллар, технологиялар ва инвестициялар соҳасида янги лойиҳалар кутилмоқда. Энг муҳими, икки давлат Евроосиёнинг янги иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Антверпен йўналиши

Сўнгги йилларда Қозоғистон–Бельгия муносабатлари анъанавий дипломатия доирасидан чиқиб, аниқ стратегик йўналишга ўтмоқда. Шунинг ёрқин мисоли — маҳаллий маҳсулотларнинг Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали Антверпен денгиз портига етказиб берилаётганидир.

Бу оддий логистик лойиҳа эмас, балки стратегик жиҳатдан чуқур аҳамиятга эга қадам ҳисобланади. Чунки Антверпен Европанинг йирик портларидан бири бўлиб, қуруқликдаги савдо алоқаларида ҳам муҳим ўрин тутади. Бельгия билан боғлиқ бундай йўналиш Транскаспий йўлининг Осиё ва Европани боғловчи муқобил коридор сифатидаги аҳамиятини янада кучайтиради.

Фото: Посольство РК в Бельгии

Бу жараённи тўлдирувчи яна бир йўналиш мавжуд — стратегик минераллар ва хомашё ресурслари. Европа Иттифоқи яшил иқтисодиётга ўтиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва энергетик хавфсизликни кучайтириш учун ишончли ресурс манбаларини изламоқда.

Шу нуқтаи назардан Қозоғистон Европа учун муҳим шерикка айланиши мумкин. Айниқса, Европа энергетик хавфсизлигида Қозоғистон уранининг сезиларли ўрни борлигини инкор этиб бўлмайди. Келажакда стратегик минераллар, хомашёга талаб ошса ёки янги энергетик лойиҳалар амалга ошса, бутун қитъанинг Қозоғистонга юзланиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун Бельгия билан алоқаларни бугундан мустаҳкамлаш муҳим ҳисобланади.

Сунъий интеллект ва янги билим

Европанинг етакчи университетлари критик ва камёб металларни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳалар тайёрлашга интилмоқда. Deep-tech ва муҳандислик таълими каби анъанавий ҳамкорлик йўналишларини ҳам ривожлантириш масалалари кўп муҳокама этиляпти. Олдинда келишувларни аниқ илмий лойиҳалар ва умумий платформаларга айлантириш вазифаси турибди.

Бу вазифани университетлар ва илмий муҳит салоҳияти орқали ҳал қилиш мумкин. Масалан, яқинда Қозоғистон Бельгиянинг KU Leuven университети билан тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва саноатга йўналтирилган ечимлар тайёрлаш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, Horizon Europe дастурига иштирокни фаоллаштирди. Шу тариқа, фан ва бизнес халқаро консорциумларга қўшилиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконига эга бўлмоқда.

Мутахассислар Бельгияга сунъий интеллект соҳасидаги тажрибани ҳам бўлишиш керак деб ҳисоблайдилар. Шу жумладан, мамлакатда сунъий интеллект экотизимининг муҳим марказларидан бирига айланган Alem AI платформасини кенгайтириш муҳим қадам сифатида кўриляпти. Агар Alem AI тизимини Европа бозорига олиб чиқиш имкони яратилса, таълим, фан, стартап ва саноатни бирлаштириш ҳамда халқаро технологияларга чиқиш осонлашади.

Бугун маданий-гуманитар алоқалар ҳам баробар ривожланиб боряпти. Жорий йилда Бельгиянинг Гент шаҳрида «Qazaq Roots» қўзоқ маданий маркази очилиб, у қўзоқ тилини ўрганиш ва миллий маданиятни тарғиб этиш учун муҳим майдонга айланди. Бундан олдин Брюсселда ҳам шундай марказ ташкил этилган эди.