Британияда ChatGPT туфайли энди иш бошлаётган ходимларга нисбатан талаб тушиб кетди
ASTANA. Kazinform — ChatGPT чатботи ишга туширилганидан кейин Британияда битирувчилар ва стажёрлар учун иш ўринлари камида 31,9 фоизга қисқарди, деб ёзади The Guardian.
Қайд этилишича, талабнинг қисқариши ҳақидаги статистика Adzuna иш қидириш платформаси томонидан тақдим этилган. Таъкидланишича, ҳамма жойда сунъий интеллектдан фойдаланиш компанияларга иш самарадорлигини оширишга, ходимлар сонини эса қисқартиришга хизмат қилмоқда. Шундай қилиб, тажрибасиз мутахассисларга иш топиш тобора қийинлашиб боряпти.
Хусусан, бизнес жараёнларни оптималлаштириш муносабати билан Буюк Британия ва Европадаги энг йирик телекоммуникация компанияларидан бири бўлган British Telecommunications 2023 йилда 40-50 минг ходимини қисқартириш режасини эълон қилган.
Anthropic сунъий интеллектни тақдим этган компания раҳбари Дарио Амодеи ушбу технология кейинги беш йилда офисда ўтириб ишлайдиган тажрибасиз ходимларнинг ярмини ишсиз қолдиришидан огоҳлантирди.
Сунъий интеллект инсонлар учун иш ўринларини кўпроқ яратадими ёки йўқ қиладими, деган масалада баҳслар ҳозиргача давом этмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ ва Буюк Британия каби ривожланган иқтисодиётларда иш ўринларининг 60 фоизи сунъий интеллект таъсирига дучор бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Amazon сунъий интеллект сабаб ишчи кучини қисқартириши ҳақида хабар берган эдик.