Бразилия: агар АҚШ божларни бекор қилмаса, 1 августдан америкалик товарларига бож жорий этилади
ASTANA. Kazinform – Бразилия 1 августдан АҚШ маҳсулотларига нисбатан «ойнаванд» (ўзаро) божларни жорий этади. Бу ҳақда Жанубий Америка республикаси президенти Луис Инасиу Лула да Силва маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
Унинг сўзларига кўра, агар шу санагача АҚШ раҳбарияти Бразилия маҳсулотларига 50 фоизлик божларни бекор қилмаса, мамлакат ўзаролик принципига ўтади.
«Агар АҚШ ўз қарорини қайта кўриб чиқмаса, биз 1 августдан бошлаб ўзаро жавоб принципини жорий қиламиз», – деди давлат раҳбари Jornal Nacional газетасига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, АҚШнинг тариф сиёсати БРИКС давлатларини ўзаро савдода АҚШ долларидан тезроқ воз кечишга ундаши мумкин.
Лула да Силва шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан унга юборилган мактубнинг мазмуни ва оҳангини «қабул қилинмас» деб баҳолади. Унинг айтишича, Трамп ўз мактубида Бразилия ҳукуматини собиқ президент Жаир Болсонаруга нисбатан олиб борилаётган суд жараёни юзасидан танқид қилган.
«Бу – бир мамлакатнинг бошқа бир мустақил давлат ишларига аралашувидир. Бунинг иложи йўқ, қабул қилиб бўлмайди», – деди Лула да Силва.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 1 августдан бошлаб Бразилиядан олиб кириладиган товарларга 50 фоизлик божлар жорий қилиниши ҳақида эълон қилганди. Унинг таъкидлашича, бу чора АҚШдаги икки томонлама савдо балансининг мувозанатсизлиги сабабли қабул қилинган.
Бразилия президенти бу баёнотларни «абсурд» деб атади. У шунингдек, мамлакат АҚШ божларига жавобни 11 апрель куни қабул қилинган ўзаро иқтисодий чоралар тўғрисидаги қонун асосида беражагини билдирди. Мазкур қонун тижорат имтиёзлари, инвестициялар ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан боғлиқ мажбуриятларни тўхтатиб туриш мезонларини ўз ичига олади.