БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ГММБ) маълумотларига кўра, Жанубий Судандаги ҳалокатли сув тошқинлари 1,4 миллион кишининг ҳаётига таъсир кўрсатган, 379 минг киши уйини ташлаб кетган.
ГММБ баёнотига кўра, мамлакатдаги сув тошқинлари сўнгги йилларда юз берган энг йирик табиий офат ҳисобланади. Йўллар сув остида, гуманитар ёрдам ходимлари жабрланганларга ёрдам беришда қийналмоқда.
“Безгакнинг авж олиши жабрланган ҳудудларда соғлиқни сақлашнинг онсуз ҳам оғир аҳволини янада оғирлаштирмоқда”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, сув тошқинлари инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги далаларига зарар етказгани ва мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада қийинлаштиргани айтилади.