Байтерекдан Яссавий мақбарасигача: Қозоғистондаги қурилиши билан ажралиб турадиган 10 та бино

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон заминида тарих қаъридан келаётган меъморий анъаналар бугунги замонавий муҳандислик тафаккури билан уйғунлашиб бормоқда. Мустақилликка эришилганидан сўнг мамлакатнинг турли ҳудудларида миллий руҳни замонавий қурилиш ечимлари билан уйғунлаштирган бир қатор ноёб бинолар қурилди.

Фото: Солтан Жексенбеков / Kazinform

Бу иншоотлар шунчаки меъморий санъат асари эмас, балки шаҳарларнинг тарихий, маданий ва иқтисодий тараққиёт йўлини акс эттирувчи ўзига хос тимсоллардир. Бундай биноларнинг аксарияти Астанада жамланган бўлса-да, Алмати, Туркистон, Тараз ва Манғистау ҳудудларида ҳам ўзига хос меъморий қиёфаси билан ажралиб турадиган иншоотлар талайгина. Kazinform мамлакатдаги қурилиши билан ажралиб турадиган 10 та биноларни жамлади.

Байтерек – Астана

Пойтахтнинг асосий рамзларидан бири ҳисобланган «Байтерек» монументи 2002 йилда очилган. Унинг баландлиги 105 метрга етади, кузатув майдончаси эса 97 метр баландликда жойлашган. Бу рақам 1997 йилда пойтахтнинг Алматидан Ақмолага кўчирилганини эслатади.

Иншоотнинг асосий ғояси Самруқ қуши ҳақидаги афсона билан боғлиқ. Шунинг учун монумент тепасида диаметри 22 метр бўлган олтин рангли шар жойлашган. У қуёш нурларига қараб ўз тусини ўзгартириб туради.

Фото: Солтан Жексенбеков / Kazinform

Иншоот ичида кўргазма заллари, панорамали майдонча ва Президентнинг кафт изи жойлашган. Бугунги кунда «Байтерек» нафақат Астананинг, балки Қозоғистоннинг ҳам энг машҳур сайёҳлик объектларидан бири ҳисобланади.

Хан Шатир – Астана

«Хан Шатир» – дунёдаги энг йирик чодирсимон иншоотлардан бири. Унинг баландлиги тахминан 150 метрни ташкил этади.

Пўлат арқонлар билан тортиб маҳкамланган улкан гумбаз шаффоф полимер материал билан қопланган. Бу ечим қуёш нурларини ўтказиб, мажмуа ичидаги муҳитни барқарор даражада сақлаш имконини беради.

Фото: Мақсат Шағырбай / Kazinform

Мажмуада савдо шохобчалари, кинотеатрлар, болалар учун майдончалар ва тропик соҳил мавжуд. Ташқарида қишки совуқ ҳукм сурган пайтда ҳам мажмуа ичидаги дам олиш ҳудудларида илиқ микроиқлим сақланади.

Тинчлик ва тотувлик саройи – Астана

Астанадаги яна бир ноёб меъморий иншоот – пирамида шаклида қурилган Тинчлик ва тотувлик саройидир. Бинонинг баландлиги ва асосининг узунлиги бир хил – 62 метр.

Сарой жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездларини ўтказиш учун мўлжалланган. Бино ичида опера театри, музейлар, конференция заллари ва қишки боғ жойлашган.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Пирамиданинг юқори қисмидаги турли рангдаги витражлар эса халқлар дўстлиги ва бирлигини ифодалайди.

«Нұр Әлем» сфераси – Астана

«Нұр Әлем» – 2017 йилда Астанада ўтказилган EXPO халқаро кўргазмасининг асосий объекти. Шар шаклидаги бинонинг диаметри қарийб 80 метрни ташкил этади.

Саккиз қаватли бинода қайта тикланувчи энергия манбаларига бағишланган интерактив экспозициялар жойлашган. Улар орасида қуёш, шамол, сув ва бошқа энергия турларига бағишланган бўлимлар мавжуд.

Фото: Максат Шагырбаев/Kazinform

EXPO кўргазмаси якунланганидан сўнг «Нұр Әлем» Келажак энергияси музейи сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Бугун бу иншоот пойтахтнинг замонавий меъморий рамзларидан бирига айланган.

Вознесенск собори – Алмати

Алматидаги Вознесенск кафедрал собори XX аср бошларида қурилган бўлиб, дунёдаги энг баланд ёғоч черковлардан бири ҳисобланади. Унинг баландлиги тахминан 56 метр.

Бинонинг асосий хусусияти – унинг ёғоч конструкцияси. Собор бир нечта кучли зилзилаларга бардош берган тарихий меъморий ёдгорлик сифатида ҳам машҳур.

Фото: Александр Павский/ Kazinform

Бинонинг турли рангдаги гумбазлари ва ўзига хос меъморий қиёфаси бугун Алматининг тарихий кўринишини белгилаб турувчи иншоотлардан бирига айланган.

Республика саройи – Алмати

Республика саройи - совет модернизми услубида қурилган бўлса-да, унинг меъморий қиёфасида қозоқ миллий безаклари ҳам қўлланилган. У Алматидаги машҳур маданий иншоотлардан бири ҳисобланади.

Бинонинг энг ўзига хос жиҳатларидан бири – улкан томининг меъморий ечимидир. Шу туфайли саройнинг ички макони ниҳоятда кенг ва салобатли кўринади.

Бугун бу ерда йирик халқаро концертлар, маданий ва давлат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси – Туркистон

Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси XIV асрда Амир Темурнинг буйруғи билан қурилган. У -Марказий Осиёдаги ўрта аср меъморчилигининг энг машҳур ёдгорликларидан бири ҳисобланади.

Мақбара улкан порталлари, ғишт териш усули ва катта гумбази билан ажралиб туради. Иншоот асрлар давомида нафақат Туркистоннинг, балки бутун туркий дунёнинг муҳим маънавий ва маданий марказларидан бири бўлиб келмоқда.

Фото: Ризабек Нүсіпбекұлы / Kazinform

Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Қорахон мақбараси – Тараз

Тараздаги Қорахон мақбараси Қорахонлар сулоласи даври меъморчилигининг муҳим ёдгорликларидан бири ҳисобланади.

Тарихий иншоот XI аср билан боғлиқ. Мақбара пишиқ ғиштдан барпо этилган бўлиб, геометрик ва безакли нақшлар билан безатилган.

Фото: видеодан алынған скрин

Қорахон мақбараси қадимий Тараз тарихи ва ўрта асрлар меъморчилик анъаналарини намоён этувчи муҳим маданий объектлардан бири саналади.

Отпан тау мажмуаси – Манғистау

Манғистаудаги Отпан тау тарихий-маданий мажмуаси анъанавий қозоқ меъморчилиги ва замонавий архитектура ечимларини уйғунлаштиради.

Отпан тау – Адай юртининг бирлиги билан боғлиқ тарихий ва маънавий масканлардан бири. Мажмуанинг асосий объектлари қаторида Адай отага бағишланган ёдгорлик ҳам мавжуд.

Фото: Маңғыстау өңірлік коммуникация қызметі

Бугунги кунда бу ҳудудда миллий байрамлар, маданий ва маънавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Отпан тау Манғистау тарихи ва маданиятини танитувчи муҳим сайёҳлик объектларидан бирига айланган.

«Ўтирар» кутубхонаси – Туркистон

Туркистондаги «Ўтирар» кутубхонаси шарқ меъморчилиги элементлари ва замонавий геометрик шаклларни уйғунлаштирган бинолардан биридир.

Кутубхона нафақат китоб фонди сақланадиган жой, балки илмий учрашувлар, маданий тадбирлар ва кўргазмалар ташкил этиладиган жамоат макони сифатида ҳам хизмат қилади.

Бинонинг архитектура ечимида анъанавий шарқона нақшлар ва замонавий меъморчилик усуллари ўзаро уйғунлашган.

Фото: Мәдениет және ақпарат министрлігі

Бу ўнта объект - Қозоғистоннинг тарихий чуқурлиги ва замонавий меъморий изланишларининг ёрқин ифодасидир. Астанадаги «Байтерек», «Хан Шатир» ва «Нұр Әлем» мустақил Қозоғистоннинг янги архитектура қиёфасини намоён этса, Алматидаги Вознесенск собори ва Республика саройи шаҳарнинг маданий ва меъморий қиёфасининг ажралмас қисмига айланган.

Туркистондаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси, Тараздаги Қорахон мақбараси ва Манғистаудаги Отпан тау мажмуаси эса - асрлар давомида шаклланган меъморчилик ва тарихий мероснинг қимматли намуналаридир.

Ушбу объектларнинг ҳар бири турли даврлардаги қурилиш маҳорати, муҳандислик изланишлари ва меъморчилик санъатининг ривожланиш йўлини акс эттиради.