Aston Martin ходимларининг 20 фоизини қисқартиришни режалаштирмоқда
ASTANA. Kazinform — Ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқарувчи Aston Martin Lagonda компанияси 40 миллион фунт стерлингни тежаш мақсадида ходимларининг 20 фоизини қисқартиради, деб хабар беради Анадолу агентлиги.
Ўтган йили молиявий натижаларини эълон қилган компания 2025 йил учун солиқдан олдинги зарари 363,9 миллион фунт стерлингни ташкил этишини маълум қилди. Ўтган йилги 289,1 миллион фунт стерлингга нисбатан зарарларнинг ошишига АҚШ тарифлари ва талабнинг пасайиши таъсир кўрсатди.
«2025 йил бошида биз келажакдаги режаларни амалга ошириш учун зарур ресурсларни таъминлаш мақсадида ташкилий ўзгаришларни бошладик. 2025 йил охирида қўшимча ўзгартишлар киритиш ҳақида қийин қарор қабул қилишимизга тўғри келди. Сўнгги дастур ходимларимизнинг 20 фоизини ишдан бўшатишга олиб келади”, — деди компания бошқарув кенгаши раиси Lawrence Stroll ўз баёнотида.
Ўтган йили компания 170 нафар ходимни ишдан бўшатганини маълум қилган эди, ҳозир эса ходимлар сони тахминан 3 минг нафарни ташкил этади.
Бундан аввал Германиянинг Bosch компанияси 13 мингта иш ўрнини қисқартиришини ёзган эдик. Шу тариқа, немис инжиниринг гиганти Европа автомобиль бозоридаги инқироз чўзилаётгани сабабли иш ўринларини қисқартириш орқали 2,5 миллиард евро тежашга умид қилади.