Астанада ўтказиладиган BaiQymyz фестивалида 16 тоннага яқин қимиз тақдим этилади
ASTANА. Кazinform – 19—20 июль кунлари Астана шаҳридаги “Қазанат” ипподромида халқимизнинг қадимий ва муқаддас ичимлиги – қимизга бағишланган “BaiQymyz – сара қимиз ва миллий таомлар” гастрофестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради пойтахт ҳокимлиги расмий сайти.
Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан 50 дан ортиқ қимиз ишлаб чиқарувчилар иштирок этади. Тадбир давомида жами 16 тоннага яқин қимиз тақдим этилиши режалаштирилган.
Гастрономик фестивалда иштирок этиш бепул. Фестивалга 50-60 минг киши ташриф буюриши кутилмоқда.
Меҳмонлар икки кун давомида турли ҳудудий қимизлардан татиб кўришади ва ичимликнинг шифобахш хусусиятлари билан танишадилар. Маҳорат дарслари, илмий анжуманларда қимизнинг шифобахш кучи, тайёрлашнинг анъанавий усуллари ҳақида кенг сўз юритилади.
Фестивалнинг асосий воқеаси “Энг яхши қимиз” номинацияси бўйича танлов бўлади. Анъанавий усулларда тайёрланган, сифат ва таъмни ўзида мужассам этган энг шифобахш қимиз эгалари катта соврин жамғармасига эга бўлади.
Соврин жамғармаси - 45 миллион тенге:
• 1-ўрин – 20 миллион тенге;
• 2-ўрин – 15 миллион тенге;
• 3-ўрин – 10 миллион тенге.
Тадбир доирасида қимиздан ташқари отлар кўргазмаси, қозоқ зотлари тақдимоти, от жабдуқлари ярмаркаси, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, ҳунармандларнинг маҳорат сабоқлари, илмий анжуман ва аукционлар ўтказилади. Бу орқали йилқичилик маданияти ва қишлоқ хўжалигига янги туртки бериш кўзланмоқда.
Фестиваль меҳмонлари Германия, Россия ва Қирғизистондан келган олимлар, шифокорлар ва ветеринарларнинг маърузаларини тинглайдилар, қимизни қадоқлаш, ферментация технологияси ва сақлаш усуллари каби замонавий усуллар билан танишадилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда қимиз ва қимрон нархи қанча экани ҳақида хабар берган эдик.