Астанада Си Цзиньпиннинг қозоқ тилидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

ASTANA. Kazinform – Астанадаги Назарбаев университетида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Мамлакатни бошқариш тўғрисида”ги тўрт жилдлик китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг тарғибот бўлими бошлиғи ўринбосари Ху Хэпин, Хитой Халқ Республикаси Миллатлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Го Вэйпин, Хитой Халқ Республикаси Хорижий адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш бош бошқармаси директори Ду Чжаньюань, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Хан Чуньлинь иштирок этди.

Тадбир давомида Аида Балаева икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

“Хитой Қозоғистон учун ишончли дўст, иттифоқчи ва стратегик ҳамкордир. Икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик бугун барча йўналишларда муваффақиятли ривожланмоқда. Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ўзаро англашув ва юксак ишонч икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга катта таъсир кўрсатмоқда. Ушбу китоб Хитой давлатининг сиёсий йўналиши, миллий бирлик ва барқарорликни таъминлашдаги тамойиллари ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларини тушунишга интилаётган қозоғистонлик китобхон учун қимматли манба бўлади. Қолаверса, асар Хитойнинг халқаро майдондаги тамойиллари ва ролини таҳлил қилиш имконини берувчи муҳим асардир”, – деди Аида Балаева.

Китоб Хитой Халқ Республикасида давлат бошқаруви фалсафаси ва амалиётига бағишланган. Унда ХХР раҳбарининг ички ва ташқи сиёсат, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш стратегиялари ҳақидаги фикрлари ўрин олган. Нашр сиёсатшунослар, халқаро муносабатлар соҳаси мутахассислари, Осиё мамлакатлари ривожланишига қизиқувчи мутахассислар, шунингдек, хитой тили, маданияти ва ижтимоий тузилишини ўрганувчи олимлар учун мўлжалланган.