Қиш совуқ ва ноқулай бўлса, халқ нега оқиб келяпти?
Сўнгги йилларда Астана фақат мамлакат маъмурий маркази эмас, балки яшаш учун қулай замонавий мегаполис мақомига интилиб келмоқда. 2026 йил бошида пойтахт аҳолиси 1,65 миллион кишига етди. Маълумотларга кўра, шаҳарда 205 та мактаб фаолият юритмоқда, уларнинг 74 таси хусусий. Бир ўқитувчига тўғри келадиган ўртача юклама 17 нафар ўқувчини ташкил этади. Бу кўрсаткич кўплаб йирик мегаполислар даражасига яқин.
Пойтахтда давлат ва хусусий секторни қўшиб ҳисоблаганда 51 та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатади.
Астананинг ўрмон-соҳил (яшил белбоғ) ҳудуди 15,9 минг гектардан ортиқ. Унинг таркибида тахминан 14,6 миллион туп дарахт мавжуд. Шу туфайли ҳар бир шаҳар аҳолисига 96,5 квадрат метр яшил майдон тўғри келади. Бу кўрсаткич дунёдаги кўплаб пойтахтлардан юқори.
Шаҳарнинг транспорт инфратузилмаси ҳам кенгайиб бормоқда. Велосипед йўлларининг умумий узунлиги 152,75 километрга етган. Шунингдек, енгил рельсли транспорт (LRT) ишга туширилди. У ўртача бир кунда 45 минг йўловчини ташиш имкониятига эга.
Астана Марказий Осиёнинг энг йирик маданий марказларидан бирига айланиб бормоқда. Шаҳарда 10 та театр, 27 та кутубхона, 6 та музей ва 11 та кинотеатр фаолият юритади. Улар қаторида «Астана Опера», «Астана Балет», Қозоғистон Миллий музейи каби йирик маданий масканлар бор.
Спорт инфратузилмаси ҳам кенг қамровли. Пойтахтда халқаро даражадаги «Астана Арена», «Барыс Арена», «Алау», «Сарыарқа велотреги», Қозоғистон енгил атлетика мажмуаси каби 33 та йирик спорт иншооти жойлашган.
Шаҳарда 317 та меҳмонхона фаолият кўрсатади. Уларда тахминан 19 минг ўрин мавжуд. 2025 йилнинг тўққиз ойида Астанага 1,19 миллион турист ташриф буюрган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 9 фоизга кўп.
Шу билан бирга, Астана олдида мегаполисларга хос бўлган вазифалар ҳам турибди. Аҳоли сонининг тез ўсиши мактаблар, йўллар, жамоат транспорти ва уй-жой бозорига бўлган юкламани оширмоқда. Шунинг учун шаҳар ҳаёт сифати баҳосини фақат Қозоғистон шаҳарлари билан эмас, балки бошқа давлатлар пойтахтлари ва йирик мегаполислари билан ҳам солиштириш муҳим ҳисобланади.
Нега айнан шу 9 та шаҳар?
Ушбу тадқиқотнинг мақсади — Астананинг яшаш учун қулайлик даражасини бошқа пойтахтлар билан солиштириб кўришдир. Шунинг учун дунёнинг турли минтақаларидан, турли иқтисодий ва шаҳарсозлик моделларига эга бўлган тўққизта шаҳар танлаб олинди.
Танланган шаҳарларнинг географик жойлашуви, иқтисодиёт тузилиши, иқлими, ривожланиш тарихи ва Қозоғистон учун солиштирма аҳамияти инобатга олинди.
Тошкент (Ўзбекистон пойтахти) - Марказий Осиёдаги энг йирик пойтахтлардан бири ва туркий дунёнинг муҳим маркази сифатида танланган. У Астана сингари постсовет маконида ривожланган ҳамда аҳолиси тез ўсиб бораётган мегаполис ҳисобланади.
Баку (Озарбайжон пойтахти) - нефть-газ секторига таянган иқтисодиёти, Каспий минтақасидаги ўрни ва илгари Совет Иттифоқи таркибида бўлган тарихи орқали Астана билан солиштиришга арзийди. Икки шаҳар ҳам энергетика ресурслари ҳисобидан ривожлана бошлаган давлатлар пойтахти ҳисобланади.
Москва (Россия пойтахти) - постсовет маконидаги энг йирик мегаполис ва Астананинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган давлат пойтахтидир. Шаҳар ҳажми жиҳатидан Астанадан анча катта бўлса-да, инфратузилма ривожланиш даражасини солиштириш мумкин.
Пекин (Хитой пойтахти) - Астананинг жануби-шарқида жойлашган ва дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт пойтахти сифатида танланган. Бу шаҳар урбанизация, транспорт тизими ва рақамли технологияларни жорий этиш йўналишида жаҳон етакчилари қаторига киради.
Сеул (Жанубий Корея пойтахти) - шаҳарни юқори технологиялар асосида бошқариш тизимининг эталони сифатида қаралади. Смарт-шаҳар ечимлари, жамоат транспорти ва рақамли давлат хизматларининг ривожланиши бўйича дунёдаги энг яхши намуналардан бири ҳисобланади.
Хельсинки (Финляндия пойтахти) - аҳоли ҳаёт сифати, инклюзивлик, экология ва шаҳар хизматларининг очиқ ва қулайлиги бўйича халқаро рейтингларда доим юқори ўринларни эгаллайди. Шунингдек, иқлими жиҳатидан Астанага ўхшаш жиҳатлари мавжуд. Хельсинки мисоли «қиши қаттиқ бўлган шаҳарларда ҳаёт ноқулай бўлади» деган тор қарашларни рад этади.
Оттава (Канада пойтахти) - ер шарида Астана билан бир хил кенгликларда жойлашган, ҳудуди катта, мамлакат пойтахти бўлса-да аҳоли сони унчалик юқори бўлмаган шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳар ҳаёт сифати, хавфсизлик ва жамоат хизматларининг самарадорлиги бўйича Астана учун юқори даражадаги намуна бўла олади.
Абу-Даби (Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти) - чўл иқлими шароитида қурилган замонавий пойтахтлардан бири сифатида ажралиб туради. Нефтдан тушган даромадни шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш тажрибаси жиҳатидан Қозоғистон учун муҳим қиёслаш нуқтаси ҳисобланади.
Вена (Австрия пойтахти) - кўплаб халқаро рейтингларда дунёда яшаш учун энг қулай пойтахтлардан бири сифатида эътироф этилади. Шу сабабли у тадқиқотда шартли равишда «энг яхши тажриба эталони» сифатида қўлланилди.
Мақолада фойдаланилган маълумотлар бир нечта манбалардан тўпланган. Улар қаторига Европа Иттифоқи статистика базаси, халқаро индекс ва рейтинглар (IMD Smart City Index, Numbeo ва бошқа очиқ рейтинглар), миллий статистика органлари маълумотлари, муниципалитетлар ва шаҳар ҳокимликларининг расмий нашрлари, шунингдек очиқ фойдаланиладиган илмий тадқиқотлар ва PDF форматдаги таҳлилий ҳисоботлар киради.
Солиштириш жараёнида барча кўрсаткичлар имкони борича ягона методология асосида қайта ҳисоблаб чиқилди. Айниқса маданият, спорт, яшил ҳудудлар ва уй-жой билан таъминланиш кўрсаткичлари аҳоли сонига нисбатан ҳисобланди. Бу шаҳарлар ўлчамидаги фарқлар натижаларга ортиқча таъсир кўрсатишининг олдини олиш имконини берди.