Астана ва Тошкент ўртасида яна бир тўғридан-тўғри рейс очилади

Фото: Фото: Centrum Air

TASHKENT. Kazinform — Centrum Air авиакомпанияси самолётлари 29 мартдан бошлаб “Тошкент — Астана” йўналиши бўйича парвозларни амалга ошира бошлайди, деб хабар беради Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири.

Компания маълумотларига кўра, ушбу йўналишда ҳафтасига учта рейс режалаштирилган. Яъни, самолётлар душанба, жума ва якшанба кунлари йўловчиларни ташийди.

Чипталар нархи 2,2 миллион сўмдан (тахминан 90 минг тенге) бошланади. Уларни компаниянинг расмий сайтидан ва махсус савдо офисларидан сотиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб "Тошкент - Атирау - Тошкент" йўналиши бўйича янги рейс йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойидан бери SCAT авиакомпанияси самолётлари Туркистондан Ўзбекистоннинг Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириб келмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг январь ойида 88 мингдан ортиқ қозоғистонлик Ўзбекистонга саёҳат қилган.

Муаллиф: Алихан Асқар