Астана халқаро молия марказига инвестицияларни жалб қилишни кучайтириш зарур – Қасим-Жомарт Тоқаев
Қасим-Жомарт Тоқаевга «Астана» халқаро молия маркази фаолиятининг жорий якунлари, шунингдек, президент томонидан АХММ Бошқарув кенгашининг июн ойида бўлиб ўтган йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан маъруза қилинди.
Қайрат Келимбетовнинг сўзларига кўра, АХММда дунёнинг 65 давлатидан 1500 дан ортиқ компания рўйхатдан ўтган. Жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми 6,9 миллиард долларга етди.
Astana International Exchange (АIХ) орқали 321 миллион доллардан ортиқ ўз капитали ва 2,1 миллиард долларлик қарз капитали жалб қилинган.
АХММ суди ва Халқаро арбитраж маркази жами 1200 дан ортиқ баҳсли масалаларни кўриб чиқди.
Бундан ташқари, Давлат раҳбарига Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида АХММнинг солиқ режими солиқ шаффофлигининг жаҳон стандартларига жавоб бериши эътироф этилгани маълум қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев «Астана» халқаро молия маркази мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутишини қайд этиб, хорижий сармояларни жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.