Араб лигаси Исроилнинг Ғазо секторини қамал қилишини қоралади

Фото: Фото: видеодан кадр

Чоршанба куни араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари фаластинлик ХАМАС жангариларининг Исроилга кутилмаган ҳужумидан сўнг Исроилнинг Ғазо секторини қамал қилганини қоралади ва қамалдаги анклавга зудлик билан гуманитар ёрдам етказилишини талаб қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги Gulf Times нашрига таяниб.

Араб давлатлари лигасининг Қоҳирадаги қароргоҳида бўлиб ўтган йиғилишда араб ташқи ишлар вазирлари давом этаётган урушни муҳокама қилиб, Исроилдан Ғазо сектори блокадасини бекор қилишни талаб қилди.

Ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида Араб лигаси Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий кампаниясини зудлик билан тўхтатиш ва минтақада кескинликни кучайтирмаслик зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ғазо секторига озиқ-овқат, ёқилғи ва гуманитар ёрдамни “зудлик билан” етказиб беришга чақирди.

Шунингдек, араб ташқи ишлар вазирлари Исроилни “Ғазо секторига электр ва сув етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги адолатсиз қарорини” қайта кўриб чиқишга чақирди.

Марокаш раислигидаги Араб давлатлари лигаси вазирлари “Исроилнинг Фаластин халқига қарши тажовузкорлиги” деб номланган резолюцияда вазиятни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тезда ҳал қилиш учун фаол халқаро ҳамкорликка чақирди.

Араб ташқи ишлар вазирлари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка эришиш йўли Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришишдан иборатлигини таъкидладилар.

Бу уларнинг 1967 йил июнгача бўлган чегараларида Шарқий Қуддус пойтахти бўлган мустақил ва суверен давлат қуриш ҳуқуқини ўз ичига олади.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча кенгроқ можарога барҳам бериш мақсадида Яқин Шарққа миссияси билан Исроилга ташриф буюрди.

Шанба куни Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроил билан вазият кескинлашгани сабабли Араб Лигасининг вазирлар даражасида шошилинч йиғилишини талаб қилди.