Алматидаги БМТнинг минтақавий маркази қандай вазифаларни бажаради
ALMATY. Kazinform – Алмати шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) бағишланган БМТнинг минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди.
Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида ўтказилган расмий учрашувда эълон қилинди. Президент мазкур келишувни тарихий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолаб, унинг Марказий Осиё минтақаси учун ўта муҳим эканини таъкидлади.
“Бу халқаро ҳамжамиятга Марказий Осиёнинг стратегик роли ҳақида юборилган аниқ ва кучли сигналдир. Бугунги келишув БМТнинг Алматида янги минтақавий марказ очишини расман тасдиқлайдиган ҳужжатдир”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Ўз навбатида, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу қадамни “минтақа учун янги босқичнинг бошланиши” деб атади.
“Алмати – тарихий илдизлари чуқур, қатъиятли ва келажагига ишонч билан қарайдиган шаҳардир. Қозоғистон узоқ йиллар давомида Ғарб ва Шарқ, анъана ва инновациялар ўртасида олтин кўприк бўлиб келган. Шу сабабли марказ айнан шу ерда жойлашиши – табиий ва тўғри қарор”, – деди Гутерриш.
БМТнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси маълум қилишича, янгидан ташкил этиладиган минтақавий марказ алоҳида тузилма ёки жамғарма эмас. У БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти таркибига киради. Бундан ташқари, марказ БМТнинг Барқарор ривожланиш гуруҳлари, минтақавий агентликлар ва доимий координаторлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Мазкур марказни ташкил этиш ҳақидаги қарор БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган. Уни Алматида жойлаштириш бўйича келишув эса Қозоғистон Ҳукумати ва БМТ ўртасида имзоланди.
БМТнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, бу – фақатгина Марказий Осиё ва Афғонистонга қаратилган, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришга хизмат қиладиган биринчи минтақавий марказ ҳисобланади.
Марказнинг асосий вазифаси – БРМни минтақавий хусусиятларга мослаштириш ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда Афғонистоннинг ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдир.
Фаолият қуйидаги уч асосий йўналишга жамланади:
- барқарор иқтисодий ўсиш;
- ижтимоий адолат;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
Бундан ташқари, марказ:
- минтақавий дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқади;
- БМТ агентликлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
- давлат органлари, молия ташкилотлари, хусусий сектор ва ННТлар билан ҳамкорлик ўрнатади.
Алоҳида эътибор 2024-2034 йилларга мўлжалланган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш ва Афғонистонга кўмак кўрсатишга қаратилган бўлади.
Бундан ташқари, марказ минтақавий мулоқот ва тажриба алмашинуви, рақамли трансформацияни ривожлантириш, ёшлар фаоллигини ошириш ҳамда тинч ва барқарор жамият қуриш майдонига айланади.
“Биз марказ “Келажак учун пакт” доирасида ҳам муҳим роль ўйнайди, деб кутмоқдамиз. У рақамли ечимлар орқали жиддий ўзгаришлар учун имконият яратади”, – дейилади БМТ тарқатган маълумотда.
Марказни расман ишга тушириш учун бир қатор ташкилий масалаларни ҳал этиш режалаштирилган. Хусусан:
- марказнинг аниқ вазифаларини белгилаш;
- молиялаштириш механизмлари ва меморандумни ишлаб чиқиш;
- штат жадвали ва бюджет лойиҳасини тасдиқлаш;
- марказ раҳбариятини тайинлаш.
Эслатиб ўтамиз, бунгача ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан музокаралар ўтказгани хабар қилинган эди.