Алмати шаҳри ҳокими Президентга ҳисобот берди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳри ҳокими Ерболат Досаевни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбарига Алмати шаҳрини жорий йилнинг январь-апрель ойларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг дастлабки якунлари тўғрисида ҳисобот берилди.

Президентга шу даврда Алмати шаҳри иқтисодиётининг асосий тармоқларида юқори ўсиш суръатлари кузатилгани ҳақида маълумот берилди. Хусусан, транспорт хизматлари ҳажми 17,5 фоизга, қурилиш ишлари 5,7 фоизга, алоқа йўналиши 4,4 фоизга ошди. Мегаполис иқтисодиётига 360 миллиард тенге хусусий сармоя жалб этилди. Ўсиш 5,8 фоизни ташкил этди.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаевга шу йилнинг апрель ойида Алматида йиллик инфляция 9,1 фоизгача пасайгани ҳақида маълум қилинди. Йил бошидан буён 19,5 минг иш ўрни очилди. Бу ишсизлик даражасини 4,7 фоизгача камайтириш имконини берди.

Ерболат Досаев шаҳарнинг айрим ҳудудларини доимий сув билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди. Жорий йилнинг февраль ойида шаҳарнинг юқори қисмини сув билан таъминлаш учун захира схемасини яратиш ишлари бошланди. Қурилиш ишларини жорий йилнинг 1 июлига қадар якунлаш режалаштирилган. “Балқаш” тоза сув омбори ишга туширилиб, “Юбилейний”, “Каменское плато” ва бошқа туманларга сув етказиб берилди.

Бундан ташқари, Президентга Алмати шаҳрининг транспорт тузилмасини шакллантириш доирасида амалга оширилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳақида хабар берилди.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳри иқтисодиётини диверсификация қилиш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражасини янада пасайтириш юзасидан ишларни давом эттириш юбўйича топшириқ берди. Шунингдек, шаҳарни сув билан таъминлаш масаласини алоҳида назоратда ушлаб туриш зарурлигини айтди.