Алихан Смаилов қайси соҳаларда маҳсулот ишлаб чиқариш ошганини айтди

Фото: Фото: primeminister.kz
ASTANA. Kazinform – Давлат органлари ва вилоятлар ҳокимликлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш бўйича ишларни фаоллаштириши керак. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Бош вазири Алихан Смаилов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«7 ойлик якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 4,8 фоизга ошди. Иқтисодиёт ўсишига реал сектор салмоқли ҳисса қўшди.

Масалан, қайта ишлаш саноатида 3, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 4,5, ичимликлар ишлаб чиқаришда 6,4 га ўсиш кузатилди. Енгил саноат 21 фоизга ўсишни кўрсатди. Бу тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 37 фоиздан ортиқ ўсиши ҳисобига таъминланди.

Пластмасса ва тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш 8 фоизга, кимё саноати 4,1 фоизга ошди.

Машинасозлик саноати 29 фоизга ошди. Бунга автомобиллар ишлаб чиқаришни 43 фоизга, электротехника ускуналарини ишлаб чиқаришни тахминан 34,5 фоизга, локомотив ва вагонлар ишлаб чиқаришни эса 30 фоизга ошириш ҳисобига эришилди.

Мебель ишлаб чиқариш 15 фоизга ошди», – деди Ҳукумат раҳбари.

Унга кўра, қурилиш саноати 12 фоизлик барқарор ўсишни кўрсатди. 8,5 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида товар айирбошлаш қарийб 10 фоизга, алоқа 8 фоизга, транспорт 7 фоизга ўсди. Тоғ-кон саноатини ҳисобга олмаганда, асосий капиталга инвестициялар 14,4 фоизга ўсди.

«7 ойлик якунларига кўра, Абай, Ақмола, Ғарбий Қозоғистон, Қостанай, Шимолий Қозоғистон вилоятлари ва Алмати шаҳрида барча асосий макро кўрсаткичлар бўйича ўсиш кузатилди. Масъул давлат органлари ва вилоят ҳокимликлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш бўйича ишларни янада кучайтириши керак», – деди Алихан Смаилов.

Муаллиф: Марлан Жиембай