Алихан Смаилов Астана шаҳрида Евроосиё тараққиёт банки кенгашининг йиғилишини ўтказди

Фото:
ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказди. Йиғилишда ўтган йили амалга оширилган ишлар сарҳисоб этилиб, долзарб масалалар муҳокама қилинди, дея хабар беради Kazinform primeminister.kz сайтига таяниб.

ЕТБ бошқаруви раиси Николай Подгузов 2022 йилда Банк Евроосиё даражасида етакчи ривожланиш институти сифатидаги ролини кучайтирганини, бу унинг лойиҳаларига киритилаётган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошганидан далолат эканини таъкидлади. Хусусан, умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган янги лойиҳаларни имзолаш ҳисобига жамланган инвестиция портфели 13,4 миллиард долларга етди, бу рекорд кўрсаткич бўлиб, ҳисобот давридаги режаларни ҳам сезиларли даражада оширди. Шундай қилиб, иштирокчи мамлакатлар резидентларининг турмуш даражасини оширишга қаратилган Банк лойиҳаларининг умумий сони 273 тага етди.

Бош вазир ўтган йили ЕТБ томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Шу билан бирга, ривожланиш лойиҳаларини келгусида амалга ошириш жараёнида рискларни бошқариш ва Банкнинг кредит рейтингини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратди.

«Инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 1 миллиард долларга ошди. Ҳозирги инвестиция портфели ўсиб боряпти. Банкнинг барқарор ривожланиши ва иштирокчи мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштириш устида ишлашни давом эттиришимиз керак», – деди Алихан Смаилов.

Шунингдек, Кенгашга 28 июнда қабул қилинган устав капиталини иштирокчи-давлатлар ўртасида қайта тақсимлаш бўйича қабул қилинган қарорлар тўлиқ бажарилгани ҳақида маълум қилинди. Натижада, тўланган устав капиталидаги Россия улуши пакетининг бир қисми бошқа аъзо давлатлар ўртасида тенг равишда тақсимланди. Натижада Россиянинг улуши 66 фоиздан 44,8 фоизга камайган бўлса, Қозоғистоннинг улуши 33 фоиздан 37,3 фоизга ошган.

Бундан ташқари, Кенгашга банкка қўшилиш масаласи бўйича Ўзбекистон билан олиб борилган музокаралар тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Қайд этилишича, иштирокчилар рўйхатининг кенгайиши банкка юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтириш ва янги интеграция ташаббусларини бошлаш имкониятларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Евроосиё тараққиёт банки – Евроосиёда инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молия ташкилоти. 17 йилдан ортиқ вақт мобайнида ЕТБ иштирокчи давлатлар: Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистоннинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга ҳамда ҳар томонлама ривожланишига ёрдам бериб келяпти. ЕТБнинг устав капитали 7 миллиард долларни ташкил қилади. ЕТБ портфелидаги асосий улуш транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида интеграция эффектига эга бўлган лойиҳаларга тегишли. Банк ўз ишида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG тамойилларига амал қилади.