Унинг сўзларига кўра, янгиланган Асосий қонуннинг кучга кириши Қозоғистоннинг замонавий тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Чунки у давлат бошқаруви тизимини кенг кўламда янгилаш учун мустаҳкам асос яратади.
“Яқин ойларда Қозоғистон муҳим институционал ўзгаришлар босқичини бошдан кечиради. Янги парламентга сайловлар ўтказилади, Халқ кенгаши ташкил этилади, вице-президент лавозимига номзод белгиланади. Бунинг барчаси давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделига ўтишни англатади”, — деди эксперт.
Алексей Власовнинг фикрича, бу ўзгаришлар нафақат давлат институтларининг тузилмавий янгиланишини, балки кенг кўламли кадрлар алмашинувини ҳам назарда тутади.
“Ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият таркибида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлиши мумкин. Янги раҳбарларнинг келиши амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшимча суръат бағишлаб, мамлакат раҳбарияти белгилаган вазифаларнинг самарали бажарилишига хизмат қилади”, — деди у.
Экспертнинг таъкидлашича, конституциявий ислоҳотнинг асосий мақсади давлат бошқарувининг янада самарали ва адолатли моделини шакллантиришдан иборат.
“Амалга оширилаётган барча ўзгаришлар Адолатли Қозоғистонни — адолат, очиқлик ва фуқаролар учун тенг имкониятлар тамойилларига асосланган давлатни барпо этишга қаратилган”, — деди Алексей Власов.
Шунингдек, эксперт кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш вақт ва барча давлат институтларининг изчил ҳамкорлигини талаб қилишини таъкидлади.
“Конституциявий нормаларни амалда тўлиқ жорий этиш бир зумда амалга ошмайди. Бироқ янги Конституция қоидаларини изчил татбиқ этиш жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган замонавий давлат бошқаруви тизимини шакллантириш имконини беради. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев белгилаб берган мамлакатни ҳар томонлама модернизация қилиш ва тенг имкониятлар давлати барпо этиш йўлида қозоғистонлик ҳамкасбларимизга муваффақият тилайман”, — дея хулоса қилди эксперт.