Ақтау шаҳрида шахмат бўйича мактаб жамоалари ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади

Фото:
AQTAU. Кazinform - Ақтау (Қозоғистон) шаҳрида Каспий денгизи соҳилида тарихда илк бор World Schools Team Championship бўлиб ўтади. Чемпионатнинг ўзига хослиги шундаки, унда шахмат тўгараклари ва секциялари тарбияланувчилари эмас, балки шахматни яхши кўрадиган оддий мактаб ўқувчилари иштирок этади, деб хабар беради Кazinform Қозоғистон шахмат федерацияси матбуот хизматига таяниб.

Чемпионат Халқаро ва Қозоғистон шахмат федерациялари томонидан ташкил этилади. Бош ҳамкор ва бош ҳомий - «Freedom Holding Corp». Тадбир Манғистау вилояти ҳокимлиги кўмагида ўтказилмоқда.

Чемпионат икки тоифада ўтказилади: 12 ёшгача ва 18 ёшгача. 50 та давлатдан 300 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Парагвай, Перу, Мадагаскар ва Сан-Томе ва Принсипи иштирокчилари Ақтаугача бўлган энг узун йўлни босиб ўтишлари керак. Чемпионат географияси ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли: тўрт қитъанинг мактаб ўқувчилари ўз мактаби ва мамлакати шарафини ҳимоя қилиш, жаҳон чемпиони унвони учун курашиш ва дунёнинг турли бурчакларидан янги дўстлар топиш учун Ақтауга келишади. Масалан, турнирда атиги 68 минг кишидан иборат Кайман ороллари аҳолиси билан танишиш мумкин бўлади.

Чемпионатда Қозоғистон шарафини 6 та шаҳардан 10 та мактаб ҳимоя қилади:

· IТ мактаб-лицейи, Ақтау;

- Н. Марабаева номидаги 7-сонли мактаб-лицейи, Ақтау;

- М. Ганди номидаги 92-сон ихтисослаштирилган лицей, Алмати;

· Республика физика-математика мактаби, Алмати;

· Алмати шаҳридаги Назарбоев физика-математика интеллектуал мактаби;

- №72 мактаб-лицейи, Астана;

- Республика физика-математика мактаби, Астана;

- «Билим-Инновация» вилоят лицей-интернати, Атирау;

- 8-сонли иқтидорли болалар лицейи, Павлодар;

- О.Жолдасбеков номидаги 9-сонли IТ лицейи, Чимкент шаҳри.

Болалар чемпионатни интиқлик билан кутмоқда, хорижлик меҳмонларни кутиб олишга тайёр ва юқори даражадаги ўйин кўрсатишга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жамоаларнинг машғулотларини самарали ўтказиши учун Қозоғистон шахмат федерацияси томонидан чемпионат арафасида Бурабай шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди.

Бўлажак турнир шахматга бўлган муҳаббат нақадар чегара билмаслигини яна бир бор исботлайди. Буни, масалан, павлодарлик мактаб ўқувчиси Вадим Дерксен оёғи синган бўлса-да, Ақтауга бориши билан ҳам тасдиқлаши мумкин. Яна икки бола туғилган кунларини чемпионатда ўтказишга тайёр. Улардан бири Чимкент шаҳридаги О.Жолдасбеков номидаги 9-сонли ахборот технологиялари лицейи ўқувчиси Нурислам Айнақулдир. Иккинчиси - Рикардо Гаэль Брито Де Ла О Мехикодан келади.

Шу билан бирга, ташкилотчиларнинг фикрича, туғилган кунлар эгалари ва чемпионатнинг бошқа иштирокчилари зерикмайди. Турнирнинг асосий расмий қисмидан ташқари меҳмонлар учун бой экскурсия ва кўнгилочар дастур ҳам тайёрланди.

Тантанали очилиш маросими 4 август куни соат 11.00да Қозоғистон халқи Ассамблеяси Дўстлик уйи, 34-кичик туман, 9-уйда бўлиб ўтади. Турнирнинг ўзи «Halyk Arena» спорт саройида бўлиб ўтади. Чемпионатнинг расмий сайти: wstcc2023.fide.com