АҚШ ва Хитой сунъий интеллект соҳасида етакчи бўлди
ASTANA. Kazinform – Шанхайдаги Сунъий интеллект бўйича Жаҳон конференциясида Хитойнинг Илмий ва технологиявий ахборот институти ҳамда Пекин университети тайёрлаган сунъий интеллект инновациялари бўйича глобал индекс ҳақида ҳисобот тақдим этилди, деб хабар берди ТАСС.
Ҳисобот муаллифлари 46 та мамлакатни беш мезон бўйича таҳлил қилган: асосий қўллаб-қувватлаш, ривожланиш ресурслари ва муҳити, илмий ва технологик тадқиқот ҳамда ишланмалар, саноат ва инновацияларни қўллаш, халқаро ҳамкорлик ва алоқалар. Мамлакатлар 39 та кўрсаткич асосида баҳоланган бўлиб, улар ҳар бири уч босқичли тизим асосида баҳоланди.
Маълумотларга кўра, АҚШ ва Хитой сунъий интеллект бўйича дунёда катта фарқ билан етакчилик қилмоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, сунъий интеллект чипларини ишлаб чиқарувчи, юқори малакали мутахассисларга эга, етакчи илмий журналларда мақолалар чоп этадиган ва асосий сунъий интеллект моделларини яратадиган компанияларнинг кўпчилиги айнан шу икки мамлакатда жойлашган.
АҚШ 100 баллдан 77,97, Хитой – 58,01, Буюк Британия эса 36,60 балл тўплаган.
Шунингдек, биринчи ўнталикка Япония (33,77), Корея Республикаси (33,48), Германия (32,22), Сингапур (31,57), Франция (30,98), Канада (29,79) ва Ҳиндистон (29,41) кирди.
Шанхайдаги жаҳон сунъий интеллект конференцияси жорий йилнинг 26-28 июли кунлари бўлиб ўтади. У 2018 йилдан бери ҳар йили ташкил этиб келинмоқда. Ушбу майдонда Шанхайдаги сунъий интеллект соҳасидаги етакчи компаниялар, давлат арбоблари, олимлар ва мутахассислар йиғилади. Улар ўзаро ҳамкорлик ўрнатади ҳамда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва қўллаш бўйича келгуси йўлларни муҳокама қилади.