АҚШ Суриядаги тўқнашувни тўхтатишга ваъда берди
ASTANA. Kazinform – Вашингтон Сурияда друзлар жамоаси атрофида юзага келган тўқнашувни бартараф этиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. АҚШ друзларни ҳимоя қилишни бошлаган Исроилни чекинишга чақирди, деб хабар беради Euronews.
АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, Суриядаги тўқнашув иштирокчилари кескинликни камайтириш (деэскалация) йўлида аниқ қадамлар бўйича келишиб олган. У бу келишувлар яқин вақт ичида амалга ошишига умид билдирди.
Axios ахборот нашри ўз манбаларига таяниб, АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг девони билан вазиятни муҳокама қилгани ва “исроилликларни чекинишга чақиргани” ҳақида ёзди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Сурия президентининг Дамаскдаги мажмуаси ҳамда мамлакатнинг жанубида жойлашган объектларга зарба берган эди. Ушбу ҳужумлар Эс-Сувайда вилоятида бедуинлар, уларни қўллаб-қувватлаётган ҳукумат армияси ва друзлар ўртасидаги тўқнашувлар фонида содир бўлди.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац агар Сурия друзларга нисбатан тажовузни давом эттирса, “жиддий оқибатларга дуч келиши” ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги ярим йил ичида Сурияда айрим озчилик миллатларга – жумладан, алавийларга нисбатан оммавий қирғинлар ва курдларга қарши адоватли ҳаракатлар кучайганини маълум қилди. Шу муносабат билан Исроил армияси Сурия билан чегарадош ҳудудларда ўз кучларини кўпайтирмоқда.
Вақтинча президент сифатида ҳаракат қилаётган Сурия раҳбари Аҳмад ал-Шараа қўшни давлатнинг ҳаракатларини кескин қоралади. Унга кўра, Исроил мамлакат ичида ихтилоф чиқаришни кўзламоқда. Шу билан бирга, у друзлар хавфсизлигини таъминлаш – унинг энг устувор вазифаси эканини таъкидлади.
Шу вақтда Суриядаги инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув ташкилоти (SOHR) фаоллари Сурия ҳукуматини Эс-Сувайдадаги норозиликлар вақтида тинч аҳолига нисбатан жазо чоралари қўллагани учун танқид қилди. Ташкилот хабарига кўра, ушбу тўқнашувларда барча томонлардан жами 350 киши ҳалок бўлган.