АҚШ Эдмундо Гонсалесни Венесуэладаги президентлик сайловларида ғолиб деб тан олди
ASTANA. Kazinform – АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Венесуэладаги президентлик сайловларида ўзини ғолиб деб эълон қилган амалдаги президент Николас Мадурони эмас, балки бирлашган мухолифатдан номзод Эдмундо Гонсалесни ғолиб деб билишини маълум қилди, деб ёзади ВВС.
Пайшанба куни эълон қилинган баёнотда АҚШ Давлат котиби Венесуэла Миллий сайлов кенгаши мухолифат ва кўплаб хорижий давлатларнинг чақириқларига қарамай, 28 июль куни бўлиб ўтган сайловларнинг батафсил натижаларини ҳалигача эълон қилмаганини эслатади.
“Айни пайтда демократик мухолифат Венесуэла бўйлаб тўғридан-тўғри сайлов участкаларидан олинган протоколларнинг 80 фоиздан ортиғини эълон қилди. Бу қайдлар Эдмундо Гонсалес Уррутиа бу сайловда энг кўп овозларни қўлга киритиб, енгиб бўлмас фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатади”, – деди Блинкен ўз баёнотида.
Давлат котибининг эслатишича, хорижлик кузатувчиларнинг далиллари ҳам, экзит-полл маълумотлари ҳам Гонсалеснинг ғалабасидан далолат беради.
“Сайловдан сўнг биз бутун дунё бўйлаб ҳамкорлар ва иттифоқчилар билан кенг кўламда маслаҳатлашдик ва турли давлатлар бунга қандай муносабатда бўлишга турлича ёндашган бўлса-да, ҳеч ким Николас Мадуро кўпчилик овоз тўплади, деган хулосага келмади”, – деб қўшимча қилади Блинкен.
Давлат котиби бевосита Гонсалесни Венесуэла президенти деб атамади, уни “муваффақиятли кампания” билан табриклади ва Венесуэла АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан қўллаб-қувватланишини ваъда қилиб, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича музокараларни бошлашга чақиради.
BBC мухбири Айони Уэллс қайд этганидек, Блинкеннинг Венесуэла сайловлари ҳақидаги баёноти муҳим воқеа.
“Кўпчилик эркин ва адолатсиз деб ҳисоблаган 2018 йилдаги сўнгги сайловлардан сўнг, кўплаб давлатлар, жумладан, Қўшма Штатлар ўша пайтдаги мухолифат етакчиси Хуан Гуайдони муваққат президент сифатида тан олишга қарор қилди ва Венесуэлага қарши санкциялар жорий этди”, – деб эслайди BBCнинг минтақадаги мухбири.