Air India самолёти ҳалокатига оид қора қути маълумотлари муваффақиятли олинди

Фото: Фото: Очиқ манбадан

NEW DELHI. Кazinform — 12 июнь куни ҳалокатга учраган Air India самолётининг қора қутиларидан маълумотлар муваффақиятли олинди. Бу ҳақда Ҳиндистон фуқаро авиацияси вазирлигига таяниб, New Indian Express нашри хабар берди, деб ёзади Аnadolu агентлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, тергов гуруҳи қора қутилардан “хотира модули”га муваффақиятли кириб, маълумотларни хавфсиз ўқиб чиқди. Ҳозирда таҳлиллар давом этмоқда. Унинг мақсади аварияга олиб келган ҳодисалар занжирини қайта шакллантириш, унга сабаб бўлган омилларни аниқлаш ва авиация хавфсизлигини мустаҳкамлашдир.

Эслатиб ўтамиз, қора қутилар воқеа содир бўлганидан кейин бир неча кун ичида топилган эди.

АI171 рейси бўлган йўловчи самолёти Аҳмадободдаги Сардор Валлабхай Пател халқаро аэропортидан Лондоннинг Гатвик аэропортига йўл олган. Бироқ ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, у Мегани-Нагардаги аҳоли массиви ҳудудига қулаган.

Ҳалокат оқибатида самолёт бортида бўлган 229 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси, шунингдек, ерда бўлган 29 киши ҳалок бўлган.