Агентликнинг 105 йиллиги: “Қозоғистон тарихи Kazinform фотосуратларида” кўргазмаси очилди
ASTANA. Kazinform — Астана шаҳридаги MEGA Silk Way савдо марказида “Қозоғистон тарихи Kazinform фотосуратларида” кўргазмаси очилди. Тадбир Kazinform халқаро ахборот агентлигининг 105 йиллигига бағишланди.
Кўргазмада 1930 йиллардан то ҳозирги кунгача жамият ва давлат ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни ҳужжатлаштирган агентлик мухбирларининг ноёб фотоархив материаллари, эксклюзив фотосуратлари тақдим этилган.
Баъзи кадрлар илгари ҳеч қаерда чоп этилмаган.
Кўргазма олти бўлимдан иборат: 1928-1959 йиллардаги Қозоғистон ва Иккинчи жаҳон уруши; 1960-1985 йилларда йирик қурилиш лойиҳалари, шаҳарлар ва туманларнинг иқтисодий ривожланиши; Алмати ва Астана шаҳарларининг сўнгги 40 йиллик тарихи; алоҳида блок ижтимоий-маданий ўзгаришларга бағишланган. Шунингдек, кўргазмада давлат ривожига ҳисса қўшган таниқли қозоғистонликларнинг портретларини кўришингиз мумкин.
“Экспозиция коллективлаштириш ва саноатлаштириш, Иккинчи жаҳон уруши қийинчиликларини бошидан кечирган, урушдан кейинги даврда яшаган, бокира ерларни ўзлаштирган, “аср қурилиши”да қатнашган, мустақиллик тонгини кўрган қозоғистонликлар ҳаётини намойиш этади”, — дея тушунтирди Kazinform агентлиги бошқарувчи директори Нағашибек Алдан.
Ўз навбатида, MEGA Silk Way савдо маркази директори Қуат Акимбаев Kazinform агентлиги билан қўшма лойиҳа муҳимлигини таъкидлади.
“Ноёб суратлар мамлакатимиз тарихига чуқурроқ кириб бориш, номаълум қаҳрамонлар, воқеа ва фактлар ҳақида ҳикоя қилувчи эксклюзив кадрларни кўриш имконини беради. Улар орасида Қозоғистон тимсолига айланган Алмати ва Астана шаҳарларининг рамзий масканлари қандай пайдо бўлганлиги тасвирланган суратлар ҳам бор. Масалан, MEGA Silk Way қурилишигача бу жой қандай бўлганини кўпчилик билмайди. MEGA савдо марказлари мамлакатнинг йирик шаҳарлари манзарасини ўзгартириб, кўплаб туманларнинг ривожланишига туртки бўлди”, — деди Қуат Акимбаев.
Кўргазмада жами 188 та фотосурат намойиш этилмоқда. Фотокўргазма 31 августга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 13 августда мамлакатдаги энг қадимги медиа-ресурслардан бири бўлмиш Kazinform ўзининг 105 йиллигини нишонлади. Юбилей доирасида агентлик продюсери Қаламқас Абуова, бошқарувчи директор Нағашибек Алдан, халқаро ахборот хизмати раҳбари Жулдиз Атагелдиевалар агентлик ривожи, медиа макондаги ўрни ва истиқболдаги режалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.