Афғонистонлик қочқин аёлларнинг ҳаёти хавф остида
ASTANА. Кazinform - Покистон ҳукумати томонидан чет эллик қочқинларни тўлиқ депортация қилиш учун белгиланган муддат тугашига атиги 4 кун қолди. Расмийлар 31 мартгача барча ҳужжатсиз хорижликларни депортация қилишни режалаштирмоқда. Уларнинг аксарияти Афғонистон фуқароларидир.
Euronews хабарига кўра, Толибон ҳокимиятни қўлга киритган 2021 йилдан бери ярим миллиондан ортиқ афғон Покистондан бошпана топган. Уларнинг аксарияти АҚШ ва бошқа мамлакатларга кўчиб кетишни кутмоқда. Бироқ Трамп маъмурияти 27 январдан бошлаб АҚШнинг қочқинларни қабул қилиш дастури камида уч ойга тўхтатилишини эълон қилди. Шундай қилиб, 20 минг афғон Покистонда қолди. Энди улар 31 мартгача мамлакатни тарк этишмаса, Афғонистонга депортация қилиниши мумкин. Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 2023 йилдан буён 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқаролари ўз мамлакатига ихтиёрий ёки мажбурий тарзда қайтган. Уларнинг 70 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
Шу муносабат билан Human Rights Watch (HRW) Исломободни афғон қочқинларига қилинаётган зулмни тўхтатишга чақирди.
- Покистон ҳукумати Афғонистон фуқароларини ўз мамлакатига қайтишга мажбурлашни дарҳол тўхтатиши ва депортация хавфи остида бўлганларга ҳимоя излаш имкониятини тақдим этиши керак. Афғонистон мажбуран қайтарилган қочқинлар ўз юртига қайтиши учун хавфсиз эмас, дейди HRWнинг Осиё бўйича директори Элейн Пирсон.
Афғонистонга қайтарилаётган қочқинлар орасида ватанини тарк этган 60 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси аёл ҳам бор. Улар юртига қайтса, ҳаёти хавф остида қолишидан хавотирда. Уч кун олдин АҚШнинг Change.org онлайн платформасида “60 нафар афғон аёлини депортация ва ўлим жазосидан қутқаринг” деб номланган петиция эълон қилинган эди.
- Бу аёллар ҳимояга муҳтож, чунки уларнинг учдан икки қисми аввалроқ Толибон томонидан асирга олинган, қийноққа солинган ёки зўрланган. Улар доимий хавф остида яшайдилар. Мана шу ҳафта полиция афғон қочқинлари яшайдиган уйларга рейд ўтказди, дейилади петиция тавсифида.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда Толибон аёлларга радиода хабар тарқатишни тақиқлагани ҳақида ёзган эдик.