Қурбонларнинг аксарияти, 674 киши Ғазо гуманитар жамғармаси томонидан бошқариладиган озиқ-овқат тарқатиш марказлари олдида отиб ўлдирилган. Яна 201 киши БМТ ва унинг ҳамкорлари томонидан уюштирилган йўналишлар бўйлаб озиқ-овқат олиш учун ҳаракат қилаётганда ҳалок бўлди.
Охирги воқеа 15 июль куни Аш-Шакуш ҳудудида содир бўлган: Исроил қўшинлари озиқ-овқат учун келган фаластинликларга қарата ўт очган. Икки киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши яраланди.
Гуманитар ёрдам чегарада қолиб кетди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги инсонпарварлик ёрдамлари Ғазога тўрт ойдан ортиқ вақт давомида етиб бора олмаётганини айтди. Яроқлилик муддати тугашига оз қолган озиқ-овқат ва дори-дармонларни олиб кетаётган 6000 га яқин юк машинаси Миср ва Иордания чегарасида қолиб кетган.
Ғарбий Соҳил: "Тинч уруш кучаймоқда"
Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда Исроил қўшинлари ва кўчманчиларнинг зўравонликлари авж олмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси тинч аҳоли, жумладан, икки яшар қиз ва қариянинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Йил бошидан бери, БМТ маълумотларига кўра, Исроилнинг "Темир девор" операцияси туфайли 30 мингга яқин фаластинлик уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Уйлар бузилмоқда, ҳаракатланишга чекловлар жорий этилмоқда, қашшоқлик ва ишсизлик ортиб бормоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийларининг огоҳлантиришича, Ғарбий Соҳилдаги мажбурий кўчиришлар 1967 йилдан бери энг ёмон аҳволда. Бундай ҳаракатлар уруш жиноятлари ва этник тозалаш унсурлари сифатида баҳоланиши мумкин.