9 май куни ҚР Президенти «Ватан ҳимоячилари» монументи пойига гулчамбар қўяди
«6 май куни пойтахтдаги «Қозоғистон» концерт залида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида байрам концерти бўлиб ўтади. Президент фахрий ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматчилар ва барча қозоғистонликларни байрам билан табриклайди. Шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларида Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими режалаштирилган», — деди Қозоғистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари, тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Серик Боранбаев.
Унга кўра, 7 ва 9 май кунларига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, авлодлар давомийлигини таъминлаш, Ватан учун қурбон бўлганларнинг қаҳрамонликларини ёд этишдан иборат.
«Шунингдек, 9 май куни Нур-Султан шаҳридаги «Ватан ҳимоячилари» ҳайкали пойига Президент иштирокида гул қўйиш маросими бўлиб ўтади. Бу анъана мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган», - деди у.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Қозоғистонда 7 май – Ватан ҳимоячилари куни ва 9-май – Ғалаба куни муносабати билан байрам паради ўтказилмайди.
Муаллиф: Али Ибраев