Марафон 2026 йил сентябрь ойидан 2027 йил март ойига қадар давом этади. Унда ўқувчи ва талабалардан ташқари, жамиятнинг турли қатлам вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Лойиҳа «Китоб ўқийдиган мактаб», «Китоб ўқийдиган коллеж», «Китоб ўқийдиган университет», «Китоб ўқийдиган педагог», «Китоб ўқийдиган оила», «Китоб ўқийдиган давлат хизматчиси» ва «Китоб ўқийдиган зиёли» номли етти йўналишни қамраб олади.
Ушбу ташаббусда иштирок этаётган ўқувчилардан бири — Астанадаги 83-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Батир Болатбеков. У китоб ўқишни 8-синфда бошлаган.
“Китоб ўқишга онам туртки бўлган. 8-синфда ўқиётган пайтимда Астанада янги китоб дўкони очилганини айтиб, бориб кўришни маслаҳат берди. Ўша ерда мактаб дастурида учрайдиган асарларни кўриб юриб, Миржақип Дулатулининг «Бахтсиз Жамол» ва Бердибек Соқпақбоевнинг «Менинг отим Қожа» асарларини сотиб олдим. Бунга қадар «Менинг отим Қожа» фильмини кўрган эдим. Унинг аслини, яъни қиссасини ўқиб кўришга қарор қилдим. Шу асар менда китоб ўқишга бўлган қизиқишни уйғотди”, — деди Батир Болатбеков Jibek Joly телеканалининг «Бүгін.LIVE» дастурида.
Ўқувчининг айтишича, шундан кейин китоб ўқиш унинг кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган. Ҳозир у мактаб дастури билан чекланиб қолмай, қозоқ ва жаҳон адабиётини ўқийди. Ҳар куни китоб ўқишга бир-икки соат вақт ажратишга ҳаракат қилади.
“Ишларим қанчалик кўпайиб, бўш вақтим қолмаса ҳам, китоб ўқишни ташламайман. Аксинча, китоб ўқиш ўша ишларга куч ва қувват беради”, — дейди ёш китобхон.
Батирнинг китобхон сифатида шаклланишига алоҳида таъсир кўрсатган асарлар орасида қозоқ адабиёти намуналари кўп. Улар орасида Муқағали Мақатаевнинг «Райимбек, Райимбек!» поэмасини алоҳида таъкидлайди.
Шунингдек, ёш китобхон Роза Мўқанованинг «Мангу бола қиёфаси», Бердибек Соқпақбоевнинг «Ўлганлар қайтиб келмайди», Сайин Муратбековнинг «Ёввойи олма» асарларини ҳам юқори баҳолайди. Айрим китобларни бир неча марта, ҳатто ўнлаб марта қайта ўқиган.
“Китоб ўқийверган сари китобхонлик онги шаклланади, дидинг сайқал топади. Мен китоб танлаганда муаллифи ва жанрига қарайман. Бадиий адабиётни яхши кўраман. Салмоқли асарлар ёзган муаллифларнинг ижодини ўқишга ҳаракат қиламан. Аввало мазмунли, жиддий асарларни ўқиб, ўз китобхонлик онгини шакллантириб олиш керак, деб ўйлайман”, — дейди Батир.
Ҳозир унинг қўлидан тушмайдиган китоблардан бири — Муқағали Мақатаевнинг «Хан тәңірі» тўплами.
Батирнинг айтишича, у қозоқ адабиётида китобхонлик асосини шакллантирган ва энди жаҳон адабиётига кўпроқ эътибор қаратмоқчи. Келгусида Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия» асарини ва Уильям Шекспир пьесаларини ўқиш режалари бор.
“800 та китоб билан тўхтаб қолиб бўлмайди. Китоб ўқиш умринг охиригача давом этиши керак. У дунёқарашингни шакллантиради, билимни кенгайтиради. Қозоқ адабиётидан ўзим учун асос яратдим, деб ўйлайман. Энди жаҳон адабиётини кўпроқ ўқиб, ундан баҳраманд бўлгим келади”, — дейди ёш китобхон.
Мактаб кутубхонасида ҳам асарларни муҳокама қилиш, китоблар ҳақида фикр алмашишга бағишланган учрашувлар мунтазам ташкил этилади.
“Синф раҳбарим Нурбек Қайирғалиули мени шундай тадбирларга жалб этиб, танловларда иштирок этишга ундаб келади. Унга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз мактаб кутубхонасида китобларни таҳлил қилиб, муҳокама қилиб турамиз. Устозим билан ҳам ўқиган асарларим ҳақида тез-тез фикр алмашаман”, — деди Батир.