8 та ҳудудда 34 та кичик саноат объекти ташкил этилмоқда
ASTANA. Kazinform – ҚР Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев Ҳукумат йиғилишида “Самруқ-Қазна” жамғармасининг қайта ишлаш корхоналарини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида маълум қилди.
“Жорий йилда “Самруқ-Қазна” электрон платформасида 143 миллиард тенгелик 340 та шартнома тузилди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўпдир. Йирик корхоналар маҳаллий саноат корхоналарига узоқ муддатли буюртмалар бериб, уларнинг барқарор ишлашига замин ҳозирлаяпти. Йил бошидан буён тузилган узоқ муддатли шартномалар миқдори 1,8 баробарга ошиб, 61 миллиард тенгени ташкил қилди”, — деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, давлат томонидан 8 та ҳудудда ташкил этилаётган кичик саноат объектлари учун 46 миллиард тенге ажратиляпти.
“Бугунги кунда умумий майдони 200 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган кичик саноат зоналарида 34 та лойиҳа (Астана ва Чимкент шаҳарларида, Жамбил, Қарағанда, Қостанай, Қизилўрда, Шимолий Қозоғистон ва Туркистон вилоятларида) амалга ошириб келиняпти. Бу лойиҳалар учун бюджетдан 46 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратилди”, — деди Ерсайин Нағаспаев.