35 млрд доллар: Қозоғистон транспорт инфратузилмасига йирик инвестициялар киритиш орқали Ўрта йўлакни ривожлантиради

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияни амалга оширишнинг янги босқичи — «Бейнеу–Сексеуил» автомобиль йўлини қуриш бошланди. Ушбу муҳим лойиҳа Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (Ўрта йўлак) мустаҳкамлаш ва Қозоғистоннинг Хитой ҳамда Европа ўртасидаги асосий дарвоза сифатидаги ролини янада кучайтиришга қаратилган.

Фото: msn.com

Ақорда матбуот хизматига таянган ҳолда Kazinform ахборот агентлиги тарқатган Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг баёнотига кўра, янги автомобиль магистрали чегарадаги ўтказиш пунктлари ҳамда Ақтау ва Қуриқ Каспий портлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлайди. Шу тариқа, у Хитой ва Европани боғловчи олтин кўприкка айланади. Қурилиш якунланганидан сўнг ушбу йўналиш юк ташиш масофасини қарийб 1000 километрга, етказиб бериш вақтини эса уч кунгача қисқартиради.

Лойиҳа Қозоғистоннинг темир йўллар, автомобиль йўллари, портлар, аэропортлар ва рақамли логистика тизимларига мунтазам инвестициялар киритиш орқали транспорт тармоғини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли дастурининг бир қисмидир. Қозоғистон Хитой билан дунёдаги энг узун узлуксиз қуруқлик чегарасига эга ва Каспий денгизига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд. Шу орқали мамлакат 3 миллиарддан ортиқ аҳоли яшайдиган бозорларни ўзаро боғлайди. Сўнгги етти йил давомида Қозоғистон халқаро савдо ҳажмининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш ва Евроосиё таъминот занжирларининг барқарорлигини ошириш мақсадида транспорт инфратузилмасига қарийб 35 миллиард доллар инвестиция киритди.

Жаҳон ишлаб чиқарувчилари ва логистика компаниялари савдо йўналишларини диверсификация қилиш имкониятларини фаол излай бошлаган бир пайтда, Ўрта йўлак истиқболли муқобил йўналишдан Осиё ва Европа ўртасидаги энг тез ривожланаётган қуруқлик маршрутларидан бирига айланди. Сўнгги етти йилда ушбу йўлак орқали юк ташиш ҳажми беш баробар ошиб, 2025 йилда 4,5 миллион тоннадан ошди, контейнер ташувлари ҳажми эса қарийб 77 000 TEU ни ташкил этди. Қозоғистон ва унинг минтақавий ҳамкорлари 2029 йилга қадар йиллик ўтказиш қувватини 300 000 TEU гача оширишни мақсад қилган.

Асосий таянч: темир йўл тармоғини кенгайтириш ва рақамли трансформация

Сўнгги инвестициялар йўлакнинг ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада оширди. Узунлиги 836 километр бўлган «Дўстлик–Мўйинти» магистралининг иккинчи йўлини қуриш якунланди. Қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа ўтказиш қобилиятини суткасига 12 жуфт поезддан 60 жуфт поездгача ошириш ва юк поездларининг ўртача тезлигини суткасига 800 километрдан 1500 километргача етказиш имконини берди. Бу кўрсаткич 87,5 фоизга яхшиланганини англатади.

Алмати шаҳрини айланиб ўтувчи узунлиги 75 километр бўлган янги темир йўл тармоғига Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (AIIB) ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) каби кўп томонлама молия институтлари орқали қарийб 300 миллион доллар инвестиция жалб этилди. Янги тармоқ темир йўл узелидаги юкламани камайтириб, транзит вақтини 24 соатгача қисқартириш имконини берди.

Шунингдек, узунлиги 300 километр бўлган «Аягўз–Бахти» темир йўлини қуриш ишлари олиб борилмоқда. У Хитой билан чегара орқали ўтувчи учинчи темир йўл ўтиш пунктини шакллантириб, йиллик ўтказиш қобилиятини бир неча миллион тоннага оширади. «Хоргос–Шарқий дарвоза» қуруқ портида инфратузилмани кенгайтириш ва операцияларни автоматлаштириш йиллик юкни қайта ишлаш қувватини 372 000 TEU гача ошириб, унинг Марказий Осиёдаги энг йирик қуруқ порт сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлади.

Инфратузилмага инвестиция киритиш ва транспорт соҳасини рақамлаштириш ишлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Президентининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотига кўра, мамлакат халқаро юк ташиш учун «ягона рақамли экотизим яратмоқда». Бу ҳозирги шароитда глобал тармоқлар орқали ахборот алмашиш тезлигига мослашиш имконини беради.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) темир йўл операцияларини рақамлаштириш Ўрта йўлакнинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлашда ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаган. Интеграциялашган божхона тизимлари ва чегарадан ўтишда «ягона дарча» тамойили божхона расмийлаштируви вақтини қисқартириб, Хитойдаги Дўстлик станциясидан Грузиянинг Қора денгиз портларигача контейнерларни атиги 11-13 кунда етказиб бериш имконини берди. Бу анъанавий денгиз йўналишларига рақобатбардош ва ишончли муқобил маршрутнинг шаклланнишига хизмат қилади.

Автомобиль йўллари тармоғи

Қозоғистон, шунингдек, миллий автомобиль йўллари тармоғини кенг кўламда модернизация қилиш ишларини якунлаш арафасида. Бу ишлар қаторига узунлиги 2 787 километр бўлган «Ғарбий Европа–Ғарбий Хитой» халқаро транспорт йўлагининг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи қисмини реконструкция қилиш ҳамда қиймати 1,529 миллиард доллар бўлган TRACE дастурини амалга ошириш киради.

TRACE дастури доирасида Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳар бири 650 миллион доллардан, Қозоғистон эса қарийб 228,8 миллион доллар маблағ ажратади. Маблағлар 498 километр йўлни реконструкция қилиш, уларни икки полосадан тўрт полосагача кенгайтириш ҳамда I техник тоифа стандартларига мослаштиришга йўналтирилади.

Ушбу лойиҳалар Қозоғистон ҳудуди орқали юк транзити вақтини 11 кундан қарийб беш кунгача қисқартириши, шунингдек, хавфсизликни ошириши ва транспорт харажатларини камайтириши кутилмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда 1 600 километрдан ортиқ сифатли йўлнинг қурилиши натижасида модернизация қилинган участкаларда ҳаракатланиш вақтини қарийб 67 фоизга қисқартириш, ўртача ҳаракат тезлигини соатига 25 километрдан 80 километргача ошириш ва йўл фойдаланувчиларининг харажатларини 35 фоизга камайтириш имкони пайдо бўлди.

Йўлак, шунингдек, «Марказ–Жануб» ва «Шимол–Жануб» йўналишлари билан интеграция қилиниб, юкларни икки йўналишда ташиш учун ягона тармоқни шакллантирмоқда.

Авиация: минтақавий йўловчи ва юк ташиш хаби

Мамлакатнинг авиация сектори қуруқликдаги транспорт инфратузилмаси билан бир қаторда ривожланмоқда. 2025 йил якунига кўра, Қозоғистон аэропортлари 15,4 миллион йўловчига хизмат кўрсатди, бу аввалги йилга нисбатан 4,8 фоизга кўп. Шу билан бирга, умумий йўловчи оқими қарийб 32 миллион кишини, қайта ишланган юк ҳажми эса 173 300 тоннани ташкил этди.

Алмати аэропортининг янги халқаро терминали унинг ўтказиш қобилиятини йилига 14 миллион йўловчигача оширди. 2027 йилда бошланиши режалаштирилаётган Астана аэропорти инфратузилмасини ривожлантириш ишлари унинг ўтказиш қобилиятини йилига 12 миллион йўловчигача ошириш имконини беради.

Ҳудудларда ҳам туризмни ривожлантириш ва Қозоғистоннинг табиий диққатга сазовор жойларига етиб бориш имкониятини яхшилашга қаратилган аэропорт қурилиши бўйича қўшимча лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Қозоғистонда «Очиқ осмон» режимининг кенгайтирилиши, шунингдек, авиация ёқилғиси нархининг рақобатбардош бўлиши мамлакатга янги халқаро авиакомпаниялар ва юк ташувчи операторларни жалб қилиш имконини беради.

Юк ташиш соҳасида дунёдаги энг йирик юк авиакомпанияларидан бири — Cargolux Airlines International ва Гонконгнинг миллий ташувчиси Pacific Cargo Астана орқали рейсларни йўлга қўйди. Улар Қозоғистонда аввалдан фаолият юритиб келаётган Turkish Airlines, MNG Airlines, China Southern Airlines, Hong Kong Air Cargo, Saudi Arabian Airlines, Air Atlanta, Silk Way West Airlines ва Aerotrans каби халқаро ташувчилар сафига қўшилди.

2026 йилда Қозоғистоннинг халқаро йўналишлар тармоғи 2024 йилдаги 115 та йўналишга нисбатан кенгайиб, 30 та мамлакат бўйича 135 та йўналишга етиши кутилмоқда. Бу Қозоғистоннинг минтақавий йўловчи ва юк ташиш хаби сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди.

Каспий кўприги

Каспий денгизидаги Ақтау ва Қуриқ портларига йўналтирилган инвестициялар мультимодал ташувлар имкониятларини кенгайтирди.

2025 йилда Ақтау портида янги контейнер хаби қурилиши якунланди. Қуриқ портида денгиз тубини чуқурлаштириш ишлари тугалланди ва №1 причалдаги кўтарувчи-ўтказувчи иншоот модернизация қилинди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ушбу модернизация лойиҳаларига тўғридан-тўғри ўнлаб миллион евро инвестиция киритди.

Қозоғистоннинг Каспий денгизидаги портларининг умумий юкни қайта ишлаш қуввати ҳозир йилига 21,6 миллион тоннадан ошади. Контейнер юкларини қайта ишлаш ҳажми уч баробарга, умумий ўтказиш қобилияти эса 50 фоизга ошиши кутилмоқда.

Порт инфратузилмасини ривожлантириш Озарбайжон ва Грузиянинг Боку портини модернизация қилиш ҳамда «Боку–Тбилиси–Карс» темир йўлининг ўтказиш қобилиятини кенгайтириш бўйича амалга ошираётган режалари билан яқин мувофиқлаштирилган. Бу юкларни Туркия ва Европа бозорлари томон узлуксиз ташишни таъминлаш имконини беради.

2030 йилгача бўлган стратегия

Ушбу лойиҳалар Қозоғистон Республикасининг 2030 йилгача транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ келади. Ҳужжат рақамли технологиялар қўллаб-қувватлайдиган тўлиқ интеграциялашган мультимодал транспорт экотизимини яратиш, асосий транспорт йўлаклари бўйлаб ҳамкор шаҳарларда мультимодал логистика марказлари тармоғини шакллантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) маълумотларига кўра, ҳозирда Қозоғистон Хитой ва Европа ўртасидаги қуруқлик орқали амалга ошириладиган юк ташишларнинг қарийб 83 фоизини таъминламоқда. Бу мамлакатни шаклланиб бораётган Евроосиё транспорт ўзаро боғлиқлиги тизимининг асосий архитектураларидан бирига айлантирмоқда.

Инфратузилмага стратегик инвестициялар, рақамли инновациялар ва халқаро ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳолда, Қозоғистон ўзининг географик жойлашувини узоқ муддатли рақобат устунлигига айлантириб, дунёда шаклланиб бораётган муҳим транспорт-логистика хабларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.