2035 йилда бюджет даромади 66,8 триллион тенгега етказилади – Серик Жуманғарин

Фото: Фото: Ағибай Аяпбергенов/ Kazinform

ASTANA. Kazinform – 2035 йилда давлат бюджети даромади 66,8 триллион тенгега етказилса, кафолатланган трансферт 2029 йилдан бошлаб 2,0 триллион тенгегача камаяди.

Бу прогнозни ҚР Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин маълум қилди.

“2026-2035 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш прогнозидир. Ҳужжат янги бюджет кодексини амалга ошириш учун тайёрланди. Прогноз давлат режалаштириш тизими ҳужжатларининг молиявий таъминланиш ҳажмини белгилаб беради. Ҳужжатда узоқ муддатли ривожланишнинг учта сценарийси кўриб чиқилган: базавий, мўътадил ва альтернатив. Альтернатив сценарийда иқтисодиётнинг 10 йиллик ўртача ўсиши – 5,1%, мўътадилда – 4,3% даражасида башорат қилинмоқда. Базавий сценарийда эса 10 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 4,5%ни ташкил қилади. Номинар ялпи ички маҳсулот 2035 йилда 473,2 триллион тенгега етказилади”, – деди Серик Жуманғарин Ҳукумат йиғилишида.

Унинг айтишича, 2026-2028 йилларга белгиланган базавий кўрсаткичлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг уч йиллик прогнозига мувофиқ келади.

“2035 йилда давлат бюджети даромади 66,8 триллион тенгега етказилади. Кафолатланган трансферт 2029 йилдан бошлаб 2,0 триллион тенгегача камаяди. Бюджет тақчиллиги 2029 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан босқичма-босқич 0,4%гача тушиб, 2030 йилдан бошлаб нол даражага етиши башорат қилинмоқда. Бюджет параметрлари макропрогнози ва баҳолашлари ҳисобга олинганда, давлат режалаштириш тизими ҳужжатларининг молиявий таъминланиш ҳажми республика ва маҳаллий бюджет харажатларини инобатга олган ҳолда 2026 йилда 37,4 триллион тенгени, 2027 йилда – 39,6 триллион тенгени, 2028 йилда – 41,6 триллион тенгени ташкил этади”, – деди Бош вазир ўринбосари.

Бундан аввал Ҳукуматнинг ялпи ички маҳсулот, инфляция, миллий жамғарма ва бюджетни тўлдиришга оид 2026-2028 йилларга мўлжалланган иқтисодий прогноз ҳақида хабар бергандик.