2026 йилда кураш бўйича 50 дан ортиқ халқаро тадбир ўтказилади
ASTANA. Kazinform - Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) томонидан 2026 йил учун халқаро мусобақалар ва таълим тадбирларини қамраб олган расмий тақвим режаси тасдиқланди, деб ёзади ЎзА.
Унга кўра, 2026 йил давомида IKA байроғи остида 50 дан ортиқ халқаро кураш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
2026 йилги тақвимдан Осиё, Европа, Африка ва Пан-Америка чемпионатлари ўрин олган бўлиб, ушбу мусобақаларда дунёнинг 80 дан ортиқ давлат спортчилари иштирок этиши кутилмоқда. Онлайн ва гибрид форматдаги курслар орқали эса таълим дастурларида 50 дан ортиқ мамлакатнинг кураш спорти мутахассислари қамраб олиниши белгиланган.
Жорий йил кураш мухлисларини 2 та жаҳон чемпионати, қитъалар чемпионатлари, WSP рейтинг мусобақалари ҳамда "CISM Kurash Challenge Cup" турнирлари кутиб турибди.
Шунингдек, World Nomad Games (Иссиқкўл, Қирғизистон) ҳамда XX ёзги Осиё ўйинлари дастуридан курашнинг ўрин олгани унинг оммавийлигини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Франциянинг Париж шаҳрида ҳар йили ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ҳам 2026 йилги тақвим режадан жой олган. Ушбу мусобақа Европа қитъасида курашнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Халқаро кураш ассоциацияси ва унинг тизимидаги бирлашмалар томонидан амалга ошириб келинаётган таълим дастурлари 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Йил давомида 12 та халқаро семинар, 6 та лицензиялаш ҳамда 5 та ҳакамлик курси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу дастурлар орқали 500 нафардан ортиқ мураббий ва ҳакамнинг халқаро стандартлар асосида тайёрланиши кўзда тутилган.
Жорий йилда назарда тутилган тадбирлар курашни глобал спорт тури сифатида ривожлантиришга қаратилган изчил ва тизимли стратегияни акс эттиради. Географик қамровнинг, мусобақалар сонининг кураш фаолиятида муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.