2025 йилда қайта ишлаш саноати 6,1 фоизга ўсди ва ишлаб чиқариш ҳажми 16 трлн тенгедан ошди

Фото: Фото: Kazinform

ASTANА. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига мувофиқ, Ҳукумат мамлакатнинг мустаҳкам саноат пойдеворини яратиш бўйича кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев саноатлаштириш натижалари ишлаб чиқариш саноати барқарор ўсаётганидан далолат эканини таъкидлади.

— Жорий йилнинг 7 ойи якунларига кўра, қайта ишлаш саноати 6,1 фоизга ўсди, ишлаб чиқариш ҳажми 16 трлн тенгедан ошди. Шу ўринда шуни таъкидламоқчиманки, қайта ишлаш саноатининг иқтисодиётдаги улуши 13,9 фоизга ошган, — деди вазир.

Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ўсишини рағбатлантириш учун молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларидан фойдаланилмоқда.

— Маҳаллий, мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўсишини рағбатлантириш бўйича фаол ишлаяпмиз: қайта ишлаш саноатидаги 115 лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 500 млрд тенге ажратилди. Бу “Байтерек” холдинги каби ривожланиш институтлари орқали амалга оширилди, — деди Ерсайин Нағаспаев.

Бундан ташқари, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устувор аҳамият берилди: 2025 йилнинг 7 ойида харидлар ҳажми 1,5 бараварга ўсди, умумий қиймати эса 1,2 трлн тенгедан ошди.

Яна бир муҳим қўллаб-қувватлаш воситаси Қозоғистон ишлаб чиқарувчиларининг ягона реестри бўлиб, у харидларнинг шаффофлигини оширади ва сохта ишлаб чиқарувчиларни йўқ қилади. Унинг ишга туширилиши жорий йилнинг кузига мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтириши ҳақида хабар берган эдик.