1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз режим кучга киради
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим (Ченду, 2024 йил 1 декабрь) кучга кириши учун давлат ички процедуралари тугалланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, кўрсатилган халқаро шартноманинг қоидаларига биноан, битим 2025 йил 1 июндан эътиборан кучга киради.
Битим Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудига ўзаро визасиз сафарларига доир масалаларни тартибга солади.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.
Бунда икки давлат фуқаролари давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим.
Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа Томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кўрсатилган битим Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга нисбатан амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йил 1 июндан “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.