Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги иқтисодий алоқалар мустаҳкамланади
Бугун ҚР Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Ерулан Жамаубаев Сингапурнинг «Surbana Jurong Group» компанияси бош директори жаноб Шон Чао билан учрашди, дея хабар беради Кazinform.
Учрашувда электр энергетикаси, қайта тикланадиган энергия манбалари, транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ерулан Жамаубаев 2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилга нисбатан 65,1 фоизга ошиб, 1,9 миллиард долларга етганини таъкидлади. Қозоғистон иқтисодиётига Сингапур капитал сармояларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2023 йилнинг биринчи чорагида 92,2 миллион долларни ташкил этган. Умуман олганда, 20 йилдан камроқ вақт ичида Сингапурдан 1,2 миллиард доллар жалб қилинди.
Шунингдек, у бугунги кунда Қозоғистонда Сингапур капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона ишлаётганини таъкидлади.
“Биз Марказий Осиёда сармоявий етакчи бўлиб қолишимиз учун хорижий сармоялар оқимини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чораларни кўрамиз”, — деди Ерулан Жамаубаев.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Сингапурнинг Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкор сифатидаги муҳимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Шон Чао Қозоғистон ва Сингапур ҳудудларини турли соҳаларда кўп йиллик яқин ҳамкорлик боғлаб туриши, уни кенгайтириш учун етарли салоҳият мавжудлигини таъкидлади.