Жоржа Мелони: Қозоғистон Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор
ASTANA. Kazinform – Астана аэропортида ҚР Президенти ва Италия Бош вазирининг қисқача мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, Италия Қозоғистоннинг Европадаги етакчи савдо ҳамкорларидан биридир.
“Сизни Қозоғистонда кутиб олиш биз учун катта шараф. Ишонаманки, бўлажак музокаралар икки томонлама муносабатларимизга янги суръат бағишлашда муҳим, ҳатто ҳал қилувчи рол ўйнайди. Италия Қозоғистоннинг Европадаги етакчи савдо ҳамкорларидан биридир. Кеча ва бугун Астана шаҳрида Италия бизнесининг кўплаб вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссангизни юксак қадрлаймиз”, — деди Тоқаев.
Ўз навбатида Жоржа Мелони ушбу учрашув минтақа билан муносабатларда тарихий лаҳза бўлишини таъкидлади.
“Мамлакатингизга биринчи ташрифим. Мен жуда бахтлиман. Сиз айтганингиздек, икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда яхши. Бироқ, бундан ҳам юқори натижаларга эришиш учун ҳар доим имконият мавжуд. Биз Қозоғистонни Италия билан бир қаторда Европанинг ҳам муҳим ҳамкори деб биламиз. Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақаси ҳозирги даврда стратегик аҳамиятга эга бўлди. Давлат раҳбарлари даражасида биринчи “Италия-Марказий Осиё” саммитини ташкил этганингиз учун сизга миннатдорлик билдираман. Бу учрашув минтақа билан муносабатларимизда тарихий лаҳза бўлишига ишонаман. Ушбу кескин даврда барча даражадаги ҳамкорликни йўлга қўйиш биз учун жуда долзарб”, – деди Италия Бош вазири.
Бунгача Италия бош вазири расмий ташриф билан Қозоғистонга келгани ҳақида ёздик.